АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси биринчи ўринбосари Жон Файнер президент Жо Байден украиналик ҳарбийларга Россия ҳудудига чуқур зарба бериш учун ATACMS ракеталаридан фойдаланишга рухсат бергани ҳақидаги хабарларни тасдиқламади. Бу ҳақда ABC News хабар берди.
Жон Файнер узоқ масофали ракеталардан фойдаланишга рухсат берилганини тасдиқлашдан бош тортди. Аммо у Россия КХДР қўшимча кучларидан фойдаланиб, Украинага ҳужумларини кучайтирганига жавоб берилишини таъкидлади, деб ёзди газета.
«Агар вазият ўзгарса, биз унга мослашамиз ва ўзгарамиз ва украиналикларга ўз ҳудуди ва суверенитетини ҳимоя қилишга имкон берамиз», деди Файнер.
17 ноябр куни The New York Times манбаларига таяниб, Байден украиналик ҳарбийларга Россия ҳудудига зарба бериш учун ATACMS ракеталаридан фойдаланишга рухсат этгани ҳақида ёзган эди.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, Киевга Америка қуроллари билан Россиянинг ички ҳудудига зарба йўллашга рухсат бериш, агар бу ҳақиқат бўлса, кескинликнинг сифат жиҳатидан янги босқичини ва Вашингтоннинг Украинадаги можародаги иштироки даражасини кўрсатади.











