Буюк Британия тадқиқотчилари ярим асрдан буён илк бор астма хуружларини даволашга мўлжалланган янги дорини ишлаб чиқди.

Клиник синовлар вақтида Бенерализумаб препарати касалликнинг оғир шаклига чалинган одамларни даволашда оддий стероид таблеткаларга нисбатан анча самарали бўлиб чиқди. Унинг таркибидаги моноклонал антителолар оқ қон ҳужайраларидан бири — эозинофилларга мақсадли таъсир кўрсатади. Бу ҳужайралар эозинофил астмаси деб номланувчи касалликка чалинган одамларнинг ўпкасига кириб, нафас йўлларини шиширади ва торайтиради.

Астманинг ушбу тури 50 фоиз ҳолатларда касаллик кучайишига сабаб бўлади. Ўпканинг сурункали обструктив касаллигига (ЎСОК) чалинган одамларда оғир хуружларнинг учдан бир қисми асосида ҳам айнан шу биологик механизм ётади.

Лондон Қироллик коллежи олимлари астма ёки ЎСОК билан оғриган беморларга хуруж пайтида янги дори юборилганда, тўрт ҳафтадан сўнг уларнинг нафас сиқиши, ҳансираши ва бошқа белгилари камроқ кузатилганини аниқлади.

Агар бундай хуруж — нафас олишнинг қийинлашиши, хириллаш, йўтал ва кўкракда сиқилиш ингаляторлар ёрдамида бартараф этилмаса, ҳозирги кунда шифокорлар стероидлар курсини тайинлайди.

Бенрализумабни энг оғир ҳолатларда қўллаш бошланган, аммо сўнгги тадқиқотлар ундан мунтазам фойдаланиш мумкинлигини кўрсатмоқда.

Олимлар астма ёки ЎСОКнинг барча хуружлари бир хил эмаслигини пайқади. Аксинча, турли беморларда иммун тизимининг алоҳида қисмлари турлича жавоб беради.

“Энди биз яллиғланишнинг турли моделларини аниқлаб, керакли беморга керакли вақтда тўғри муолажа тайинлай оламиз”, — деди Қироллик коллежи профессори Мона Бафадхел.

Тадқиқотда 158 киши иштирок этган, беморлар муолажадан кейин уч ой давомида кузатилган.

The Lancet Respiratory Medicine журналида эълон қилинган натижаларга кўра, даволашдаги муваффақиятсизлик даражаси стероидлар қабул қилинганда 74 фоизни, янги дори қўлланганда эса 45 фоизни ташкил этди.

Янги терапия олган одамлар орасида касалхонага тушиш, касаллик қайталаниши ёки ўлим ҳолатлари камроқ кузатилган. Кўнгиллилар ҳам янги дори қабул қилганда симптомлар енгиллашгани ва ҳаёт сифати яхшилангани ҳақида маълум қилди.

“Бу инқилобий қадам, чунки ўтган 50 йил давомида даволаш усулини ўзгартирмагандик. Энди оғир аҳволдаги беморларни даволаш ёндашуви тубдан ўзгаради”, — деб таъкидлади профессор Бафадхел.