Жаҳон | 00:25
3031
4 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Британия Россия элитасига санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашган «халқаро тармоқ» фош этилганини маълум қилди

Жиноятчиликка қарши курашиш агентлиги наркосавдогарлар, молиявий жиноятчилар ва чет эл жосуслари фойдаланган миллиардлаб долларларни ювишга алоқадор Россия тармоғи фош этилганини эълон қилди. АҚШ ушбу компанияларга боғлиқ беш киши ва тўртта юридик шахсга нисбатан санкция қўллади.

Фото: Anadolu

АҚШ Молия вазирлиги TGR Group компаниясига алоқадор беш киши ва тўртта юридик шахсга нисбатан сакциялар жорий этишини эълон қилди. Идора пресс-релизида ушбу компания Россия элитаси вакилларига санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам берган «кенг халқаро тармоқ», деб таърифланган.

АҚШ Молия вазирлиги версиясига кўра, TGR Group — Украина фуқароси Жорж Росси томонидан назорат қилинадиган Россия компанияси бўлиб, унинг Буюк Британия, Европа ва Осиё давлатларида ваколатхоналари бор. Вашингтондагиларнинг ҳисоблашича, компания ўз мижозларига қатор хизматларни таклиф этади — улар орасида санкция остида бўлган ташкилотлар «пулини ювиш», ноқонуний нақд пул ва криптовалюта алмашинуви, шунингдек, «бадавлат Россия фуқаролари Буюк Британияда мулк сотиб олишлари учун» маблағ манбаларини яшириш каби хизматлар бор.

TGR Group ўз фаолиятини амалга ошириш учун бошқа компанияларни, жумладан, россиялик Екатерина Жданова раҳбарлик қиладиган Smart Group’ни жалб этган. Бир йил олдин Жданова АҚШ томонидан санкцияга учраган, Америка ҳукуматининг версиясига кўра, у санкция остида бўлган Россия элитаси вакилларига пул ювиш ва маблағларни хорижга олиб чиқиб кетишга ёрдам берган. Вазирлик версиясида айтилишича, Ждановага бугунги санкциялар рўйхатига киритилган Хожимурат Магомедов ва Никита Краснов ёрдам берган. 

Бундан ташқари, 4 декабр кунги санкция Россига ишлайдиган ва TGR Group «қарорлари қабул қилинишига» масъул россиялик Елена Чиркинян, шунингдек, Латвия фуқароси Андрейс Браденсга нисбатан ҳам қўлланилган. Юридик шахслар орасида санкциялар рўйхатига Американинг Вайоминг штатида рўйхатдан ўтган Pullman Global Solutions компанияси киритилди. Унинг TGR Group’га боғлиқлиги бор, компанияни Браденс бошқаради.

«TGR гуруҳи орқали рус элитаси ўзлари ва Кремлни янада бойитиш учун АҚШ ҳамда халқаро санкцияларни четлаб ўтишда рақамли активлардан, хусусан, АҚШ доллари билан таъминланган стейблкоинлардан фойдаланишга уринган», — дейди вазирнинг терроризм ва молиявий разведка бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Брэдли Смит.

Ўз навбатида Британиянинг Жиноятчиликка қарши курашиш агентлиги (NCA) халқаро тергов давомида наркосавдогарлар, молиявий жиноятчилар ва чет эл жосуслари фойдаланган миллиардлаб долларларни ювишга алоқадор Россия тармоғи фош этилганини эълон қилди. Операция давомида тармоқнинг эҳтимолий раҳбарлари аниқланган, 84 киши қўлга олинган, шунингдек, нақд пул ва криптовалюта кўринишидаги 20 миллион фунт стерлинг маблағ мусорада қилинган.

NCA хабарида TGR Group ва Smart ҳақида сўз боради. Британия терговига кўра, компаниялар трансмиллий жиноий гуруҳлар учун нақд пулларни ювиш билан шуғулланган. Бундан ташқари, 2022 йил охиридан 2023 йил ўрталаригача ушбу тармоқдан «Россия жосуслик операцияларни» молиялаштиришда фойдаланилган, шунингдек, у россиялик мижозларига Британия санкцияларидан қочишга ёрдам берган. Терговнинг ҳисоблашича, компаниялар Россия пропаганда телеканали ҳисобланувчи Russia Today’га нақд пулларни Буюк Британияга ўтказишида ёрдам берган.

Мавзуга оид