Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳафта давомида ҳарорат аста-секин кўтарилади
Якшанба куни яна совуқ ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. Ёмғир ва қор ёғади, ҳарорат кескин пасаяди.
Ўзбекистон бўйича 10–14 декабр кунларига об-ҳаво прогнози берилди.
Дам олиш кунлари совуқ тушишига сабаб бўлган совуқ ҳаво массалари ушбу ҳафта давомида республика ҳудудидан аста-секин чекина бошлайди ва ҳаво ҳарорати иқлим меъёрига яқинлашади.
«Ўзгидромет» хабарига кўра, 10–13 декабр кунлари республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, фақат 13 декабр куни шимолда баъзи жойларда бироз ёмғир ёғади.
14 декабрда республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади, шимолда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Фақат Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради.
Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. 10–14 декабрда ҳарорат кечалари –5...–8 даражадан +2...+5 даражагача, кундуз кунлари 0...+3 даражадан +9...+12 даражагача кўтарилади. Республика шимолида ҳарорат кечалари –8...–13 даражадан –2...–7 даражагача, кундуз кунлари 0...–5 даражадан 0...+5 даражагача кўтарилади.
Шамол 7–12 метр/сония тезликда эсади, 13–14 декабрда айрим жойларда 13–18 метр/сониягача кучайиши мумкин.
Пойтахтда: 10–13 декабр кунлари ёғингарчилик кутилмайди. 14 декабрда куннинг иккинчи ярмида ёмғир ёғиши мумкин.
Ҳарорат кечалари –6...–8 даражадан +3...+5 даражагача, кундуз кунлари 0...+2 даражадан +10...+12 даражагача аста-секин кўтарилади.
Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Шамол 3–8 метр/сония тезликда эсади.
Якшанба куни Ўзбекистон ҳудудига яна совуқ ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. Республика бўйича ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади, ҳаво ҳарорати кескин пасаяди.