Seek веб-сайтида эълон қилинган иш таклифи мактаб битирувчилари, талабалар ва ҳар қандай касб эгаларига атом сув ости кемасида хизмат қилувчи офицер лавозими учун ариза топширишни тавсия этади.
Тўлиқ иш куни учун 100 мингдан 120 минг Австралия долларигача (62 мингдан 75 минг АҚШ долларигача) маош таклиф этилади. Иш жойи Мелбурн шаҳрида жойлашган.
Ҳарбий денгиз кучларининг атом сувости кемалари офицерлари кемани бошқариш, ядро реакторларини ишлатиш ва кемани тактик жойлаштириш каби вазифаларни бажаради.
The Guardian ёзишича, янги келганлар аввалига стажёр сифатида қабул қилинади, аммо Австралия Мудофаа вазирлиги вакиллари кейинчалик уларга кемани бошқариш ҳуқуқи берилишини ваъда қилмоқда. Офицер бўлиш ва унвон олишдан олдин номзодлар АҚШда тайёргарлик курсларидан ўтиши керак бўлади. Бунга 12 ой кетади. Шундан сўнг улар амалий кўникмаларни эгаллаш учун денгиз сувости кемасига юборилади.
Июн ойида Австралия қўшин сафини кенгайтириш мақсадида чет эллик фуқароларни жалб қилиш орқали армияга қабулни кенгайтирганини эълон қилди. Австралия армиясига қўшилиш ҳуқуқи Five Eyes (Австралия, Канада, Янги Зеландия, Буюк Британия ва АҚШни ўз ичига олган разведка алянси) мамлакатларидан келган ва Австралияда доимий яшайдиган фуқароларга берилади.














