Ўзбекистон аҳолиси яқин йилларда 40 миллионга етади. Бундай жадал ўсиш албатта қувонарли, лекин аҳолиси ҳатто 100 миллиондан кўпроқ камбағал мамлакатлар ҳам борлигини ҳисобга олсак, демографик ўсишдан мўъжиза кутиш ярамаслиги ойдинлашади. Kun.uz қатор соҳа мутахассисларидан бу ҳақдаги фикрларини сўради.

Уларнинг сўзларига кўра, аҳоли кўпайиши билан инсон капитали ҳам албатта ўсиши керак. Давлат сиёсати тўғри юритилмаса, аҳоли сони ошиши билан Ўзбекистоннинг ишчи кучи экспорти ошиб бораверади холос.

Ўзбекистон аҳоли сони бўйича глобал рейтингда 43-ўринда турибди. Рейтингда ўзимиздан юқорига назар ташласак, Афғонистон (42 млн), Покистон (241 млн), Нигерия (224 млн), Бангладеш (170 млн), Эфиопия (109 млн), Конго Демократик Республикаси (105 млн) кабиларга кўзимиз тушади: бу мамлакатлар аҳолиси сезиларли кўп, лекин иқтисодий тараққиётининг ҳолатига ҳавас қилиб бўлмайди.

Масалан, энг кўп аҳолига эга давлатлар ўнталигига кирувчи Нигерияни олайлик. 232 миллиондан ошиқ аҳолига эга бу давлат, афсуски, камбағал. Нигерия нефтга бой бўлса-да, ЯИМдаги нефтнинг улуши 9 фоиздан ошмайди. Аҳоли тирикчилик учун қишлоқ хўжалиги билан банд, лекин қишлоқ хўжалигидаги даромад ҳам аҳоли умумий сони ошишига мос эмас. Бир вақтлар бу давлат озиқ-овқат экспортчиси бўлган, ҳозир эса ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, импорт қилишга мажбур.

Аҳоли сони билан биринчи ўнталикни якунлайдиган Эфиопия ҳам камбағал давлат. 132 миллиондан ошиқ аҳолига эга мамлакат ялпи ички маҳсулоти 145 млрд доллар. Хориждан қарийб 30 млрд доллар қарз олинган, давлат 2025 йилда ўрта даромадли иқтисодга айланишни умид қилмоқда.

Демографик ўсишнинг нафақат суръати, балки сифати ҳам муҳим 

Аҳоли сонининг кўп бўлиши яхши, лекин бу ижобий аҳамият касб этиши учун тўғирланиши керак бўлган жиҳатлар ва қилиниши лозим бўлган вазифалар бор, дейди иқтисодчи Шуҳрат Расул.

“Иқтисод фани мантиғи бўйича аҳоли сонининг ошиши давлат иқтисоди ривожига олиб келиши керак. Чунки бу меҳнат ресурслари, ишлаб чиқарувчилар, товар ва хизматлар ҳамда истеъмолчиларнинг кўпайиши дегани. Аслида иқтисоднинг асоси ҳам – товар ва хизматлар истеъмоли дегани. Замонавий дунёда қанча истеъмолчи кўпайса, иқтисод ривожланиши керак.

Лекин демографик ўсиш доим ҳам иқтисодий ўсишга олиб келмайди. Қачонки у сифатли бўлса, шунда тараққиётга олиб келиши мумкин. Давлат элитаси масъулиятсиз бўлса, бозор иқтисоди қонунлари билан ҳисоблашмаса, элита халққа қайишмаса – ҳеч қандай ривожланиш бўлмайди. Аҳолининг ўзинигина кўпайтириб қўймаслик керак. Одамлар иқтисодий ресурсга айланиши учун уларни сифатли уй, таълим, тиббиёт, сифатли ичимлик сув ва ҳаво, энергетик ресурслар билан таъминлаш керак”,