Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг 25 декабр куни Боку — Грозний йўналишида парвоз қилиб, Қозоғистон ғарбидаги Оқтов шаҳри яқинида қулаган самолёти Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган, деб хабар берди 26 декабр куни Euronews телеканали ўз манбасига таяниб. Журналистларнинг Озарбойжон ҳукуматидаги манбалари самолёт ҳалокатига Россиянинг «ер-ҳаво» синфидаги ракетаси сабаб бўлганини айтишан. Манбаларга кўра, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Грознийда дронлар «фаоллашган» вақтда (шу вақтда Кавказдаги регионларга украин дронлари ҳужум қилаётганди) AZAL самолёти томонга ракета учирган. Ракета самолёт яқинида портлаб, унинг қопламасига зарар етказган.

Нашрнинг Россиядаги манбалари Azerbaijan Airlines авиакомпанияси самолёти Чеченистон ҳудудидан учиб ўтаётган вақтда Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Украина учувчисиз учиш аппаратларини уриб туширмоқчи бўлганини айтган. Чеченистон Хавфсизлик кенгаши раҳбари Ҳамзат Қодиров ҳам чоршанба куни тонгда Грознийга дронлар ҳужуми ҳақида хабар берган ва дронлардан бири акс этган видеони намойиш этганди.

Бокудаги AnewZ нашри Озарбойжон ҳукумати манбаларига таяниб, ракета Pantsir-S ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидан отилганини хабар қилган.

Euronews манбалари айтишича, учувчилар фавқулодда қўнишни сўраганига қарамай, шикастланган самолётга Россия аэропортларига қўнишга рухсат берилмаган. Боку — Грозний рейси йўловчиси, ҳалокат вақтида енгил жароҳат олган Субҳонқул Раҳимов ТАСС мухбири билан суҳбатда Azerbaijan Airlines экипажи самолётни Грознийга қўндириш учун уч марта уринганини айтиб берган. Euronews ёзишича, экипажга Каспий денгизи орқали Қоғоғистон ғарбидаги Оқтов шаҳри томон учиш кераклиги айтилган. Мавжуд маълумотларга кўра, самолётнинг GPS навигация тизимлари денгиз устидаги парвоз давомида ўчирилган.

Британиянинг авиация хавфсизлигига ихтисослашган Osprey Flight Solutions компанияси ўз мижозларини «Azerbaijan Airlines рейси катта эҳтимол билан Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали уриб туширилгани» ҳақида огоҳлантирган, деб хабар бермоқда Associated Press агентлиги.

Озарбойжон, Россия ва Қозоғистон ҳукуматлари самолётни россияликларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари уриб туширгани ҳақидаги версияни расман изоҳламаяпти.