Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабр куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи мақомида иштирок этди.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян раислигида (онлайн форматда) ўтган бу галги учрашувда Беларус президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Россия президенти Владимир Путин, шунингдек, ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи мамлакат – Эрон саноат, конлар ва савдо вазири Саид Муҳаммад Отабак ҳам қатнашди. Куба президенти Мигел Диас-Канел иштирокчиларга видеомурожаат йўллади.

Кун тартибидан кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларида қўшма дастурларни амалга ошириш масалалари ўрин олди.

Саммитда Мирзиёев нутқ сўзлади ва сўнгги йилларда Ўзбекистон кузатувчи сифатида ЕОИИ билан 22 та йўналишда самарали ҳамкорликни йўлга қўйганини таъкидлади.

Таъкидланишича, 2024 йилда Ўзбекистоннинг иттифоқ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 11 фоизга ошди. Октябр ойида Евроосиё иқтисодий комиссияси билан савдо, саноат, молия, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа соҳаларда 40 га яқин чора-тадбирларни ўз ичига олган янги уч йиллик ҳамкорлик режаси қабул қилинди.

Ўзбекистон, шунингдек, ЕОИИ савдо ва юк ташишни рақамлаштириш, электрон тижоратни жорий этиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасидаги қатор тармоқ дастурларида фаол иштирок этмоқда.

Келгуси йил март ойида қўшма Ишчи гуруҳининг тўртинчи йиғилишига тайёргарлик кўрилмоқда.

Давлат раҳбари ЕОИИ билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишларига алоҳида тўхталди. Хусусан, ўзаро савдодаги савдо тўсиқларини босқичма-босқич бартараф этишга чақирди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва ЕОИИ давлатлари ўртасидаги савдода тариф ва нотариф чекловларни қўлламаслик масаласини экспертлар даражасида ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Амалий ҳаракатлар режасини қабул қилган ҳолда, яқин келажакда техник жиҳатдан тартибга солиш тизимларини яқинлаштириш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказишга тайёрлик билдирилди.