Яқин вақтлар ичида Европада қишки трансферлар даричаси очилади. ОАВда ҳар куни эҳтимолий келишувлар ҳақида хабарлар чиқиб турибди. Январда кимлар клубини ўзгартиради? Қуйидаги материалда — эҳтимоли юқори бўлган трансферлар ҳақида.

«МЮ» Рэшфорд билан хайрлашади

Аллақачон 27 ёшни қоралаган Маркус Рэшфорд «Манчестер Юнайтед»нинг янги бош мураббийи Рубен Аморим билан чиқишиб кета олмади. Португалиялик мутахассис вингернинг футболга жиддий муносабатда эмаслигидан норози. Шу туфайли Аморим Маркусни таркибдан чиқарди, у охирги ўйинлар қайдномасига ҳам киритилмади, «МЮ» раҳбарияти ҳам ўз тарбияланувчиси билан хайрлашишга тайёр. The Guardian хабарига кўра, клуб Рэшфордни трансферга қўйган ва январдаёқ сотилиши мумкин — бу қарорни Аморим ва клуб раҳбарларидан бири Жим Рэтклифф келишган ҳолда қабул қилган. «МЮ»дагилар ушбу футболчининг кетиш вақти келди деб ҳисоблашмоқда.

Бир неча йил муқаддам Рэшфордга «ПСЖ» жиддий қизиққан ва вақти-вақти билан бошқа эҳтимолий харидорлар ҳам пайдо бўлиб турганди. Аммо энди унинг учун навбатда турганлар кўп эмас. The Telegraph хабарига кўра, ҳали 27 ёшда бўлган Маркусга Саудия Арабистони клубларидан қизиқиш мавжуд. «Ал-Иттиҳод», «Ал-Ҳилол», «Ан-Наср», «Ал-Аҳли» ва «Ал-Қодисия» каби клублар уни таркибида кўришга қарши бўлмайди. Футболчининг ўзи эса ҳозирча Европани тарк этишни режалаштирмаган. Аммо у шу қишда кетмаса, бир ярим йилини ва спорт формасининг қолганини ҳам йўқотади.

Виктор Дёкереш қаерга ўтади?

Швециялик 26 ёшли ҳужумчи 2024 йилнинг энг яхши тўпурари бўлади. Ҳозирда «Спортинг» форварди йил бошидан буён барча турнирлар дорасида урган голлар сони (миллий жамоадаги натижалар ҳам қўшиб ҳисобланганда) 61 тага етган, йил охиригача эса Португалия чемпионатида «Бенфика»га қарши кечадиган яна битта ўйин бор. Сўнгги ўн йилликда фақат Роберт Левандовски бир календар йилида бундан кўпроқ гол урганди — 2021 йилда 69 та.

Дёкерешнинг натижалари Рубен Аморим кетганидан кейин пасайди, аммо бозорда унга талаб пасайиши даргумон. Виктор Лиссабонда жуда ёрқин ўйнамоқда. Transfermarkt унинг трансфер баҳосини 75 миллион евро қилиб белгилаган, бу нарх ҳозирда марказий ҳужумчига эҳтиёж сезаётган «Арсенал», «ПСЖ», «Реал» ва бошқа катта клубларга қимматлик қилмайди.

Ушбу скандинавнинг номи биринчи навбатда уни жаҳонга танитган мураббийининг янги жамоаси «МЮ» билан боғлашмоқда. Рубен Аморим қишда «Спортинг»дан ҳеч кимни олиб келмоқчи эмаслигини айтганди, аммо қаторасига уч мағлубиятдан кейин фикрини ўзгартириши мумкин. Лекин жамоада бу позицияда Ҳойлунд ҳам бор. Нима бўлганда ҳам Дёкереш шу қишда Европадаги асосий лотлардан бири мақомида бўлади. У барибир қаергадир ўтади. Ҳозир бўлмаса, ёзда аниқ.