Доналд Трамп воситачилигида (у 20 январда АҚШ президенти лавозимига расман киришади) музокаралар жараёнига киришишдлан олдин Кремл Донбассдаги назорат ҳудудини кенгайтиришга уринмоқда. РФ қуролли кучлари ушбу регион жануби ва марказида бирданига учта йирик амалиётни якунлаш босқичида — улар Велика Новосилка ва Кураховони қуршаб олиш арафасида. Шу билан бир вақтда, Россия қўшинлари кейинги жанг учун қулайроқ бошланғич шароитларни тайёрламоқда: келгусида Покровскни ҳам қуршаб олиш учун уни жануб ва ғарбдан айланиб ўтмоқда. Курск областида, шимолий кореялик ҳарбийлар жангга ташланганига қарамай, РФ қуролли кучлари ҳали Украина қуролли кучларининг мазкур ҳудуддаги плацдармини бартараф этишга яқинлашмаяпти, Киев мазкур ҳудуддан музокараларда «савдо активи» сифатида фойдаланишни режалаштирган.

Велика Новосилка

Россия армияcи Донецк ва Запорижжя областлари чегарасидаги Велика Новосилка район маркази атрофидаги ҳалқани қисмоқда. Амалиёт ғояси украин қўшинини мазкур район марказида, Мокрие Яли дарёсининг шарқий соҳилида (шаҳарнинг асосий қисми айнан дарёнинг шарқий соҳилида жойлашган) қамаб қўйишни назарда тутади. Бунинг учун шимолга, Покровск томон кетувчи йўлни тўсиб қўйиш талаб этилади. Бундан ташқари, посёлка қуршаб олиниши ва штурм қилиниши РФ қуролли кучлари дарёнинг ғарбий соҳилидаги тепаликларга чиқиши ҳамда жанубдан Мокрие Яли бўйлаб ҳужум қилишини осонлаштириши керак.

Муаммоларга дуч келган бўлса-да, Россия қўшини бу вазифаларни ҳал қилишни уддалади. Декабр ойи бошида РФ қуролли кучлари Украина қуролли кучлари учун ўта муҳим бўлган, шимолга олиб борувчи йўлни Новий Комар қишлоғи яқинида тўсиб қўйишди, аммо украин қўмондонлиги бу ерга захира кучларини юборди ҳамда қишлоқ ва йўл устидан назоратни қайтариб олди. Аммо бир неча кун олдин Россия бўлинмалари навбатдаги юришни амалга ошириб, яна йўлни тўсиб қўйишди.

Шу билан бир вақтда, РФ қуролли кучлари Мокрие Яли жанубидаги водийга ҳам ҳужум қилмоқда. Натижада, Макаровка ва Сторожевое қишлоқларини мудофаа қилаётган украин бўлинмалари қуршовга тушиб қолган. Қуршовдагиларнинг катта қисми шимолга чекинишга муваффақ бўлган.

Россия қўшини уларни таъқиб қилиб, Нескучное ва Времевкага яқинлашиб келишган, бу қишлоқлар бутун дарё водийси ва Велика Новосилкадан тепароқда жойлашган. Энди район маркази амалда қуршов ҳолатида: шимолга олиб борувчи йўл кесиб қўйилган, Россия авиацияси мунтазам равишда Мокрие Ялидаги ўтиш йўлларини бомбаламоқда ва Украина гарнизонига таъминот етказиб берилишига тўсқинлик қилмоқда.