Жаҳон | 11:48 / 01.01.2025
2923
2 дақиқада ўқилади

Германия жанубида эркак экскаваторни ўғирлаб кетиб, полициячиларни жароҳатлади

Баден-Вюртемберг федерал ерида 38 ёшли эркак қурилиш майдончасидан экскаваторни ўғирлаб кетди ва бир нечта машинага зарар етказди, уч полициячи жароҳат олди. У фақат отишма билан тўхтатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: dpa/picture-alliance / dpa/Scanpix

31 декабр, сешанба куни маҳаллий вақт билан тахминан 13.30 да Баден-Вюртемберг федерал ерининг Грюнсфелд шаҳрида 38 ёшли немис қурилиш майдончасидан экскаваторни ўғирлаб кетди. Полиция матбуот хизмати хабарига кўра, транспорт воситасини бошқариб, у қўшни Таубербишофсхайм шаҳри томон йўл бўйлаб ҳайдашдан олдин қурилиш компанияси биноси ва бир нечта автомобилларга зарар етказган.

Йўлда эркак экскаватор билан бир нечта шахсий автомобилларга зарар етказган, уч нафар полициячи енгил жароҳат олган. Патрул машиналари ўғрини кузатиб боришди, бироқ уни тўхтатишга ҳаракат қилишмади, деб хабар берди полиция dpa'га.

Полиция ўқотар қурол ишлатишга мажбур бўлди

Таубербишофсхаймга кириб, эркак автомобил таъмирлаш устахонаси ҳудудига йўл олган, у ерда «экскаватор билан мулкка катта зарар етказа бошлади», дейилади пресс-релизда. Улар соат 14.22 ларда ўқотар қурол ёрдамида уни тўхтатишга муваффақ бўлишган. Реанимация чораларига қарамай, эркак воқеа жойида вафот этган.

Қайд этилишича, яраланган полициячилардан бири касалхонага юборилган ва унга зарур ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.

Экскаватор ўғрисининг хатти-ҳаракати эҳтимолий сабаблари ҳақида маълумот берилмаган. Етказилган зарар миқдори аниқланмоқда. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид