Тошкентнинг Юнусобод тумани Янгиариқ маҳалласида ёзувчи Ойбек ва рафиқаси, биринчи ўзбек кимёгари Зарифа Саидносирова хонадони жойлашган. Харитада Ифтихор 1-тор кўчаси 26 манзили билан чиқади. Излаб борувчига ёрдам берсин деб кўчанинг бошида уй-музейга ишора қилувчи тахтача илинган. Йўналиш белгисига эргашсангиз, ўнг қўлда қуюқ жигаррангли дарвозага дуч келасиз. Дарвозанинг тепасида олтин рангли ҳарфлар билан “Ойбек уй-музейи” деган ёзувга кўзингиз тушади.

Ичкарига киришингиз билан 2 қаватли оқ бино кўзга ташланади. Бу жой ҳақида бироздан кейин тўхталамиз.

Ойбек ва рафиқаси қурган бир қаватли уй эса чап томонда жойлашган. Музейнинг асосий экспонатлари шу ерда сақланади. Улар 10 мингдан ортиқ. Музей билан танишиш Ойбекнинг болалиги ўтган хонадан бошланади.

Ойбек 1905 йил 10 январда Тошкентнинг Гавкуш маҳалласида бўзчи оиласида туғилган. Ёзувчининг ота-онаси, буваси ва маҳалласи ҳақидаги хотиралари автобиографик асари “Болалик”да тасвирлаган.

У илк сабоқни Оқмасжид маҳалласидаги эски мактабда олади. 1918-1921 йилларда эса Мунавварқори Абдурашидхонов ташкил этган “Намуна” мактабида ўқийди. “Бу мактабда тайёргарлиги анча жиддий бўлган истеъдодли ёшлар ўқитувчилик қилган. Уларнинг қўлида таълим олган ёшлар орасидан кейинроқ Ҳамза, Қаюм Рамазон, Ойбек, Маннон Уйғур каби истеъдодли адиб ва санъаткорлар етишиб чиқди”, – деб ёзади олим, жадидшунос Сирожиддин Аҳмад.

Кейин Навоий номидаги таълим ва тарбия техникум-интернати, Тошкент университетининг ижтимоий фанлар факултетида, Ленинград халқ хўжалиги институтида ўқийди. 1930 йилда касал бўлиб қолгани учун Тошкентга қайтиб, Тошкент университетида ўқишини тугатади. Ўқиш йиллари ҳақда ёзувчининг ўзи шундай ёзади: “Менинг ўқиш йилларидаги йўлим ўша вақтдаги ўзбек ёшларининг йўлидир. 1921 йилда Тошкентнинг эски шаҳарида Хадрада янги ташкил қилинган Навоий педагогика техникумига кириб ўқишни давом эттирдим”, – деб ёзади у.