Ўзбек миллатининг шоирлардан тақчиллиги бўлмаган. Яхши шоирларимиз кўп. Муҳаммад Юсуф эса уларнинг энг яхшиларидан.

Ўзбекистон халқ шоири номи билан боғлиқ зиддиятли муаммони ёзишдан олдин кўп ўйландик. Такрор мурожаатлардан сўнг, таҳлилий-танқидий мақоламиз том маънодаги эл суйган шоир хотираси, унинг оиласи ҳурмати, обрўсига путур етказмаслиги масъулиятини ҳис этган ҳолда масалани ўрганишни бошладик.

Балки, муболаға бўлиб кўринар, лекин Муҳаммад Юсуф қолдирган адабий мерос учун ҳар қанча эътибор оз.

Мақола орқали марҳум адибнинг ҳурмати учун амалга оширилган самарали ишларга соя солмоқчи эмасмиз. Андижон шаҳрида унинг номи билан аталган гўзал хиёбон қурилгани, Муҳаммад Юсуф ижод мактаби фаолият юритаётгани таҳсинга лойиқ иш.

Бугунги мақола эса бироз дилингизни хира қилиши мумкин. Марҳум шоирнинг аёли Назира опа бизга Марҳамат тумани ҳокимлиги томонидан шоир уй-музейи учун ажратилган ер майдони тадбиркорга ноқонуний тарзда бериб юборилаётгани ҳақида шу йилнинг июль ойи телефон орқали мурожаат қилган эди. Биз воқеа чигаллашишини истамай, ўша пайтнинг ўзида туман ва вилоят мутасаддиларига бу муаммони етказдик.

Бироқ, ўтган уч ой давомида масала ижобий якун топмади.

Эзгу ният ортидан келган муаммо

Шоир Андижон вилояти Марҳамат тумани Қовунчи қишлоғида туғилган. Марҳаматликлар «Машҳур шоир бизнинг тумандан», дея фахрланадилар. 2016 йил май ойида туман ҳокимининг 240-14 сонли қарори билан «Қорақўрғон» МФЙ ҳудудидан Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг уй-музейи қурилиши учун 15 сотих ер майдони ажратилади. Аҳоли ва шоирни йўқлаб келувчи ихлосмандлар бу воқеани катта хурсандчилик билан қабул қилишди. Уй-музей қурилишига ажратилган майдон зўр танланган. Андижон-Марҳамат асосий йўлининг Қовунчи қишлоғига бурилиш жойи.

Муаммолар орадан уч йил ўтиб бошланди. Шоир Муҳаммад Юсуфнинг қизи Мадина Юсупова Kun.uz сайтига юборган мурожаатида шундай дейди: «Ўзбекистон халқ шоири, менинг отам Муҳаммад Юсуф номи билан юритиладиган фонд ихтиёрига Андижон вилояти, Марҳамат туманидаги Қорақўрғон қишлоғи, «Тош йўли» МФЙ ҳудудидан туман ҳокими Х.Султоновнинг қарорига асосан 15,4 сотих ер майдони уй-музей қуриш учун ажратилган эди. Аммо, туман ҳокими ўзгаргач, халқ ҳашари йўли билан қурилиши керак бўлган объект қурилмай қолиб кетган.