Олис, музли ва аксарият қисми минг йиллар аввалги ҳолича сақланиб қолган Гренландия сайёрамизда содир бўлаётган иқлим ўзгаришларида ғоят муҳим рол ўйнайди, деб ёзмоқда Euronews.

“Гренландия — иқлим ўзгариши, ресурслар тақчиллиги, кескинлашган геосиёсий вазият ва янги савдо йўналишларини ўзида чамбарчас боғлаган ҳудуд”, — дейди Оҳаё университетининг хавфсизлик ва экология профессори Жеф Дабелко.

Унинг айтишича, дунёдаги энг катта орол ҳозир кўп жиҳатдан геосиёсий ва геоиқтисодий рақобат марказида турибди. Бунга иқлим ўзгариши ҳам қисман сабаб бўлмоқда.

Сайланган президент Доналд Трамп сўнгги пайтларда АҚШнинг кўп йиллик иттифоқчиси ва НАТО асосчиси бўлган Данияга қарашли яримавтоном ҳудуд Гренландияни сотиб олишга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳудудда АҚШнинг йирик ҳарбий базаси ҳам жойлашган.

Гренландиянинг нимаси бунчалик жозибали?

Ню Йорк университети иқлимшуноси Дэвид Ҳолланднинг айтишича, Гренландия исиб бораётган сайёрамиз учун термостат (доимий ҳароратни сақлаб турадиган қурилма) вазифасини ўтайди. У Ер шарининг қолган қисмига нисбатан тўрт баробар тезроқ исиётган минтақада жойлашган.

Гренландия ерлари қаърида телекоммуникациялар учун зарур бўлган ноёб фойдали қазилмалар, шунингдек, уран, миллиардлаб тонна ўзлаштирилмаган нефт ва табиий газ захиралари мавжуд.

Ушбу фойдали қазилмаларнинг кўпчилиги ҳозирда асосан Хитойга етказиб берилмоқда, шу сабабли АҚШ каби бошқа мамлакатлар ҳам унга қизиқиш билдирмоқда, дейди Жеф Дабелко. Уч йил олдин Дания ҳукумати 57 минг киши яшайдиган мазкур ҳудудда денгиздаги нефт конларини қазишни тўхтатганди.

Аммо нефт, газ ёки фойдали қазилмалардан ташқари, муз ҳам бор — катта миқдорда. Агар оролдаги муз эриб кетса, бу бутун дунё бўйлаб соҳил чегараларини ўзгартиради ва об-ҳавога кескин таъсир кўрсатади.

Гренландияда шу қадар кўп муз тўпланганки, у бутунлай эриса, дунё океани сатҳи 7,4 метрга кўтарилиши мумкин. 2022 йилги тадқиқотда айтилишича, тахминан 30 сантиметр қалинликдаги муз нима бўлишидан қатъи назар эриб кетади.

1992 йилдан бери Гренландия ҳар йили қарийб 182 миллиард тонна (169 миллиард метр тонна) муз йўқотмоқда, 2019 йилда эса йўқотишлар 489 миллиард тоннага етган.

Боулдер (Колорадо штати) Қор ва муз бўйича миллий маълумотлар маркази директори Марк Серрезенинг айтишича, Гренландия XXI асрда “асосий эътибор марказига” айланади, чунки унда эриётган муз қопламаси денгиз сатҳига таъсир кўрсатади.