Жамият | 18:20 / 15.01.2025
3652
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда канализация қудуғидан чиқа олмаган «Сувоқова» ходимлари қутқарилди

Ишчилардан бири чиқиндиларни тозалаш учун қудуққа тушган ва сув кўпайиб кетиши оқибатида тоби қочган. Унга ёрдам бериш мақсадида ортидан тушган шериги ҳам қудуқда қолиб кетган.

Фото: ФВВ

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари томонидан канализация қудуғига тушиб, ундан чиқа олмай қолган фуқароларга ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бугун, 15 январ куни соат 10:16 да Шаҳрисабз шаҳар «Тутзор» МФЙ ҳудудидаги йўл ёқасида жойлашган канализация қудуғига «Сувоқова» МЧЖнинг икки нафар ходими тозалаш мақсадида тушган ва қайтиб чиқа олмаган.

Маълум бўлишича, чуқурлиги 3 метр, диаметр 1 метр бўлган қудуқнинг сув ўтиш йўлига тиқилиб қолган чиқиндиларни тозалаш мақсадида, бир нафар ишчи тушган ва сув кўпайиб кетиб, сув ютиши натижасида тоби қочган ҳамда чиқолмай қолган. Шундан сўнг унинг шериги ёрдам бериш мақсадида тушиб, у ҳам қолиб кетган.

Зудлик билан айтилган манзилга етиб борган ФВБ қутқарувчилари махсус қутқарув асбоб-анжомлари ёрдамида фуқароларни қутқариб, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида уларни шифохонага юборган. «Ҳозирда улар шифокорлар назоратида. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар мавжуд эмас», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Яшнобод тумани Султонали Машҳадий кўчасидаги уйларнинг бирида фуқаро ўз эҳтиётсизлиги оқибатида ҳожатхона учун қазилган 10 метрлик чуқурликка тушиб кетгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид