Охирги бир ҳафтада Арманистон Ғарб томон иккита катта қадам ташлади: аввалига ҳукумат Европа Иттифоқига қўшилишга қарор қилди, сўнг АҚШ билан стратегик ҳамкорлик тўғрисида ҳужжат имзоланди.
9 январ куни Арманистон ҳукумати Европа Иттифоқига қўшилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Лойиҳа парламентга киритилади, шунингдек, референдумга қўйилиши мумкин. Олдиндан айтиш мумкинки, аксарият арманистонликлар ЕИга қўшилишга рози бўлиши аниқ.
14 январ куни Вашингтонда имзоланган “Стратегик ҳамкорлик бўйича хартия” билан эса, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик жуда юқори даражага кўтарилди. Улар ўртасидаги сиёсий мулоқотлар, иқтисодий ва ҳарбий ҳамкорлик кучаяди.
Хўш, бу қадамлар нимани англатади, нима ўзгаряпти?
Арманистон шу пайтга қадар геосиёсатда, ташқи сиёсатда Россия Федерациясига ориентир оларди. Ереван Москвани ўзининг катта акаси, бош ҳомийси ва геосиёсий “қибласи” сифатида кўрар эди. Лекин ҳаммаси 2020 йилнинг кузида ўзгарди. Яъни Қорабоғ урушидан кейин. Ўша урушда Озарбойжон ўзига тегишли Қорабоғ ҳудудини Арманистондан куч билан қайтариб олди. Унга қадар Арманистон Қорабоғни расман Озарбойжон ҳудуди деб ҳисобласа-да, Қорабоғдаги сепаратизм ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаб келаётган эди.
Асосий мақсад – Қорабоғни Арманистонга қўшиб олиш эди. Лекин кўп йиллик ҳарбий тайёргарликдан кейин, 44 кунлик урушда Озарбойжон ўзининг Қорабоғ ҳудудини қайтариб олди. Ҳалқаро қонунчиликка кўра, собиқ СССР чегараларига асосан, Қорабоғ – Озарбойжоннинг ҳудуди эди. Ўша 2020 йилги уруш кунлари Арманистон Россияга мурожаат қилиб, урушга қўшилишни ва Озарбойжонга қарши бирга уришишни сўради.
Лекин Путин “агар уруш Арманистон ҳудудида бўлганида эди, КХШТ ва унинг аъзоси РФ Арманистонни аниқ ҳимоя қилади, лекин ҳозирча уруш Қорабоғда, яъни Озарбойжон ҳудудида бўлмоқда” деб, Арманистонга рад жавоби берганди. Шундан буён Арманистон Россиядан аразлаган, Москва билан алоқаларни сусайтириб бормоқда.
Кейинги йилларда Арманистоннинг Россиядан узоқлашуви янада кучайди. Ўтган йиллар давомида Арманистон ўзи аъзо бўлган ва Россиянинг стратегик манфаатларини таъминловчи Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидаги иштирокини, де-факто тўхтатиб қўйди. КХШТнинг ўқув машқларида иштирок этмаяпти. Қолаверса, 2024 йилда АҚШ ва Европадаги ҳарбий ўқув машқларида ҳам иштирок этди. Бу билан, Арманистон Россиянинг эмас, Ғарбнинг командасига ўтаётганини билдирди.
Хўш, Арманистоннинг АҚШ ва Европа Иттифоқчи билан яқинлашуви, Жанубий Кавказ геосиёсатини қанчалик ўзгартира олади? Бунга қайси давлатлар норозилик билан қарайди? Учта давлат борки, улар Арманистон билан Ғарбнинг яқинлашувини совуқлик билан қабул қилади. Булар – Россия Федерацияси, Туркия ва Озарбойжон.







