Исроил вазирлар маҳкамаси Ҳамас билан сулҳ битимини тасдиқлаш учун овоз бериш жараёнига йиғила олмади, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг офиси бунга фаластинликлар охирги паллада қатор келишувлардан бош тортганини сабаб қилиб келтирди. Ҳамас эса буни рад этмоқда. Исроилнинг розилигисиз келишув кучга кирмайди.

Исроилнинг хавфсизлик бўйича вазирлар маҳкамаси 16 январ куни маҳаллий вақт билан соат 11:00 да Ғазо секторида маҳбусларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича Ҳамас билан келишувни тасдиқлаш учун йиғилишни режалаштирган эди.

«Моссад» директори Давид Барнеа бошчилигидаги исроилликлар делегацияси ҳали ҳам Доҳада бўлиб турибди ва воситачилар билан келишув деталлари муҳокамасини давом эттирмоқда, деб хабар берган Қуддусдаги манбалар. Ушбу делегация аъзолари розилигисиз тор доирадаги ҳарбий кабинет ва вазирлар кабинети овоз бериш жараёнини бошлай олмайди.

Исроил Ҳамаснинг айнан қайси бандларни бажаришдан бош тортаётганига аниқлик киритилмаган.

Томонлар ўртасида келишувга эришилгани ҳақида чоршанба куни кечқурун хабар тарқалганди. Музокаралардаги асосий воситачилар — Қатар ва АҚШ томони буни факт сифатида эълон қилганди.

Аммо Исроил томони, Вашингтоннинг босимига қарамай, бирорта ҳам аниқ баёнот бергани йўқ. Таҳлилчилар фикрича, Исроил шу орқали халқаро воситачилар барвақт энтузиазмга берилганини кўрсатмоқда.

Ҳамас сиёсий бюроси аъзоси Иззат ар-Рашақ эса Фаластин ҳаракати келишувга содиқ эканини айтди. «Ҳамас воситачилар томонидан эълон қилинган оташкесим келишувига содиқдир» деди у.

Шу кунларда Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Италияга ишчи ташрифини муддатидан олдин якунлаб, ватанига қайтганди.

BBC’нинг Қуддусдаги манбалари айтишича, вазирлар ўртасида алоҳида норасмий маслаҳатлашувлар тундаёқ бошланган.

Келишувга кутилганидек молия вазири Бецалел Смотрич ва миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир қарши чиқмоқда. Уларнинг иккиси ҳам ултраўнг қарашлари ва Ғазодаги ҳарбий амалиётни қўллаб-қувватлаши билан танилган.

Аввалроқ Бен-Гвир Қатардаги келишув Исроил Ҳамас қаршисида таслим бўлишига тенг эканини айтганди. У ҳам, Смотрич ҳам агар Исроил гуруҳни бутунлай яксон этиш мақсадидан қайтадиган бўлса, истеъфога чиқиш билан таҳдид қилган.

Агар улар шундай йўл тутадиган бўлса, Исроилни навбатдаги сиёсий инқироз кутади. Смотрич ва Бен-Гвир раҳбарлигидаги икки партиясиз ҳукмрон коалиция камида парламентдаги кўпчилик ўринга эгалик қила олмайди, максимумда эса — парчаланади.