Нодавлат ОТМлардан олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига тўлов-контрактдан тушадиган маблағнинг 4 фоизини ўтказиб бериш талаби яна кун тартибига чиқди. Иқтисодчи Юлий Юсуповнинг ёзишича, хусусий олийгоҳ раҳбарлари билан мажлис ўтказилиб, улардан контрактдан тушадиган маблағнинг 4 фоизини ўтказиб бериш сўралган. Юсуповга кўра, ректорларга шартномалар тарқатилиб, уларга бу вазиятда “жамоатчилик ва депутатлар ёрдам бера олмаслиги” айтилган.
Худди шу талаб декабр ойида ҳам қўйилган, ўшанда масалага жамоатчилик эътибор қаратиши ортидан, депутат Дилмурод Ортиқов олий таълим вазири ва бош прокурорга депутатлик сўрови киритганди.
Ҳолат такрорлангани ҳақилаги хабар ҳам ижтимоий тармоқларда танқидий қарши олинди. Биринчилардан бўлиб муносабат билдирган иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, масъуллар бу ҳолатда “сал эсдан чиқсин, билганимизни қиламиз” қабилида иш тутмоқда.
“Ихтиёрий-мажбурий туздирилаётган шартномалар ҳақида ўтган куни университет очган тадбиркорлар айтганда, тўғриси, ишонмагандим. Кимгадир лицензиясини тортиб олиб қўйиш, кимгадир текшириш уюштириб, бўйнига “айб” қўйиш билан таҳдидлар бўлган. Бу – 2015 йилдаги қип-қизил эски Ўзбекистон. Ўз ихтиёри билан “шартнома тузиб”, 4 фоизлик товон тўламаганларга қарши бу кетишда рекетчилар “маски шоу” уюштиришса ҳам керак”, – дейди у.
Profi университети асосчиси Бектош Ҳотамов ҳолат ҳақида университет раҳбарлари билан гаплашгани, уларга ҳеч ким шартнома бермаганини ёзган. Лекин бу рост бўлса, ҳолат 90-йилларни эслатишига ишора қилган.
“Ўзи “солиқ” солмоқчимисиз? Бу сизнинг тилингизда “доля” дейилади, шу “доля” берилмаса, нима бўлади? Ўлдириб юборасизларми? 90-йилларга қайтамизми? Агар шартнома деб айта олсак, ўша юридик жиҳатдан бир тийинга қиммат шартномага амал қилмаса, нима бўлади? Осмон қўлингизда бўлса, ташлаб юборинг-е, шу бошимизга тушиб, ўлиб қолайлик”, – деган Ҳотамов.
















