Тошкентда ер ўпирилиши ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди. Фарғонада кўп қаватли уй ертўласида балиқ боқилаётгани аниқланди. Урганч аэропортидан Хивага электропоезд қатнови бошланди. 8 сентябрга қадар барча музейларга кириш бепул бўлади. «Ўтган кунлар»ни ўқиб-ўрганиш ҳарбий хизматчилар учун мажбурий қилиниши мумкин. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Фарғонада кўп қаватли уй ертўласида балиқ боқилаётгани аниқланди

Фарғона шаҳрининг Мурувват маҳалласидаги кўп қаватли уйларда ўтказилган мониторинг давомида ертўлада балиқ боқилаётгани аниқланди.

Фарғона вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси хабарига кўра, мулкдор ертўладаги турли хоналарни тўсиб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олган. Сўнгра катта ҳажмдаги сунъий ҳовуз ўрнатиб, унда балиқ боқиш учун ичимлик суви қувури тортган.

Ҳолат юзасидан мулкдорга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жарима қўлланган. Унга ертўлани 15 кун ичида бўшатиб, аввалги ҳолатига келтириш бўйича ёзма кўрсатма берилган. Бундан ташқари, ичимлик сувидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ҳолати ҳам қайд этилган. Бу бўйича фуқарога маъмурий жарима расмийлаштирилган. Жарималар миқдори тўғрисида маълумот берилмади.


Тошкентда ер ўпирилиши ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди

Тошкент шаҳридаги Глинка кўчасида автомобил йўлининг бир қисми ўпирилиб тушди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги берган маълумотга кўра, диаметри 219 мм бўлган ерости қувуридан газ сизиб чиққан ва иссиқлик тармоғи камерасида тўпланиб, авария ҳолатини келтириб чиқарган.

Текширув давомида газ қувурининг тахминан 375 кв см майдонида бир нечта жойдан газ сизиб чиқаётгани аниқланган. Таъкидланишича, мутахассислар ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ва бошқа тафсилотларини ўрганмоқда. Шунингдек, муҳандислик тармоқларининг ҳолати текширилиб, бундай ҳолатлар такрорланишига йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Урганч аэропортидан Хивага электропоезд қатнови бошланди

Хоразм вилоятида Урганч халқаро аэропорти ва Хива вокзали ўртасида электропоезд қатнови йўлга қўйилди.

«Ўзбекистон темирйўллари» хабарига кўра, бу йўналишда Хитойда ишлаб чиқарилган тезюрар электропоезд кунига бир марта ҳаракатланади.

Поезд Урганч аэропортидан соат 8:40 да жўнаб, 9:00 атрофида Урганч темирйўл вокзалида бўлади, Хивага соат 9:22 да етиб боради. Ортга қайтишда эса соат 21:00 да Хивадан жўнайди, 21:20–21:23 оралиғида Урганч вокзалида бўлади ва 21:42 да Урганч аэропортига етиб боради.

Чипта нархи катталар учун 25 минг сўм, болалар учун 14 минг сўм миқдорида белгиланган.


8 сентябрга қадар барча музейларга кириш бепул бўлади

2 сентябрдан 8 сентябрга қадар Маданий мерос агентлиги тизимидаги давлат музейлари, музей-қўриқхоналар ҳамда уй-музейларида «Музейлар ҳафталиги» ўтказилади.

Ушбу ҳафталик давомида агентлик тизимидаги жами 114 та давлат музейи ва музей-қўриқхоналарига ўзбекистонликлар бепул кириши мумкин.

Музейлар ҳафталиги 2014 йилдан бери 2-8 сентябр кунлари ўтказилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, ҳафталик доирасида аҳолининг шу кунлари давлат музейларига бепул кириши белгиланган.


«Ўтган кунлар»ни ўқиб-ўрганиш ҳарбий хизматчилар учун мажбурий қилиниши мумкин

Қуролли Кучларда ҳарбий хизматчиларнинг китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳага кўра, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия 1 миллион нусхадаги адабиётларни харид қилиш бўйича буюртмачи этиб белгиланмоқда. Китобларни Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ўртасида алоҳида тақсимот асосида ажратиш кўзда тутилган.

Лойиҳада муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан ўқиб-ўрганилиши лозим бўлган қатор асарлар ҳам алоҳида кўрсатилган.

Жумладан: «Алпомиш» достони; Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари; Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романи; Абдулҳамид Чўлпоннинг «Гўзал Туркистон» ва «Халқ денгиздир» асарлари; Эркин Воҳидовнинг «Ўзбегим» ва «Инсон» қасидалари; Абдулла Ориповнинг «Ўзбекистон» шеъри; Муҳаммад Юсуфнинг «Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон» шеъри.