Учтепа тумани маҳаллаларидан биридаги ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритиб келган шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда 30 минг доллар билан қўлга олинди. Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланаётган давлат хизматчисига жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг ажрими билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Маълум бўлишича, ҳоким ёрдамчиси тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога 30 минг доллар эвазига туман ҳудудида 4 та савдо дўкони қуриши учун юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали жами 210 квадрат метр ер майдонини аукцион савдоларида ютиб, номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. 

Исми шарифи ва маҳалласи яширилаётган ҳоким ёрдамчиси ким?

Расмий ахборотда муқаддам уч карра судланиб ҳам давлат ишида ишлаб юрган шахснинг исм-шарифи ҳам, у ишлаётган маҳалла фуқаролар йиғини номи ҳам кўрсатилмаган.

 Kun.uz ўз манбаларига таяниб бу шахс ким эканини аниқлади. У Учтепа туманидаги «Дегрез» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳоким ёрдамчиси бўлган, 1987 йилда туғилган Бахтиёр Дониёрович Бадалов бўлади.

Очиқ манбаларда Бахтиёр Бадаловнинг аввал қаерда ишлагани ҳақида маълумот топиб бўлмайди.

Kun.uz қўлга киритган маълумотлардан кўринишича, Бадалов бугунгача Жиноят кодексининг 167, 168, 205 ва бошқа моддалари билан 3 маротаба судланган.

1-судланиш – 13 йилга қамоқ

Бадалов илк бор 2011 йил 8 июл куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг ҳукми билан 13 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Ўшанда ҳам у Жиноят кодексининг мансабдорлик билан боғлиқ жиноятлари, хусусан, фирибгарлик, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш билан айбли деб топилган. Шу ҳукм билан у 3 йил муддатга мансабдорлик лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилган.