Жаҳон | 14:43 / 27.01.2025
4254
2 дақиқада ўқилади

Ҳуқуқ фаоллари Сурияда «қасос олиш» ҳолатларини қайд этмоқда

SOHR маълумотларига кўра, Сурияда ағдарилган Башар Асад режими тарафдорларининг ўлдирилиши ҳолатлари кузатилмоқда.

Фото: DW

Сурияда Башар Асад режими тарафдорларидан қасос олиш кампанияси доирасида йил бошидан буён 91 та қотиллик қайд этилган. Бу ҳақда 26 январ, якшанба куни қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари кузатув кенгаши (SOHR) маълум қилди.

Унинг маълумотларига кўра, жами қурбонлар сони 190 нафар, жумладан, беш нафар аёлдан иборат. Энг кўп ҳалок бўлганлар Хомс, Хама ва Лозиқияда қайд этилган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари таъкидлаганидек, жиноятлар сиёсий ва диний сабабларга кўра содир этилмоқда, бу эса «хавфсизликнинг ҳалокатли бузилиши»дан далолат беради.

SOHR бу каби жиноятлар «сурияликлар ўртасидаги бўлинишни чуқурлаштириши» ва бундай қонунбузарликларга чек қўйиш, барча айбдорларни жавобгарликка тортиш ва мамлакатга «хавфсизлик ва барқарорликни» қайтариш учун қаттиқ чоралар кўриш кераклигини билдирди.

AFP хабар беришича, қатл этилганларнинг аксарияти Асад ҳукуматининг собиқ амалдорларидир. Суриянинг янги ҳукумати назорати остидаги маҳаллий қуролли гуруҳларнинг ўнлаб аъзолари мамлакат ғарбидаги Хомс вилоятида қўлга олинди.

Асаднинг ағдарилиши

2024 йил охирида Суриядаги қуролли гуруҳлар йирик ҳужумда Асад режимини ағдарди. Декабр ойи бошида собиқ президент оиласи билан Россияга қочишга мажбур бўлди.

Суриянинг ўтиш даври ҳукуматига «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи раҳбари, аввал Абу Муҳаммад ал-Жулоний номи билан танилган Аҳмад ал-Шара бошчилик қилди. Декабр ойи охирида у собиқ исёнчилар етакчилари билан уларнинг бўлинмаларини тарқатиб юбориш ва кейин мамлакат Мудофаа вазирлиги қошида бирлаштириш бўйича келишувга эришди. Аҳмад ал-Шара бир қатор Ғарб давлатларининг ҳукумат вакиллари билан бир неча учрашувлар ўтказди. Шу билан бирга, Дамашқдаги ўтиш даври ҳукумати ва уни Европада қўллаб-қувватловчи фаоллар Сурияга қарши санкцияларни юмшатишга чақирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид