Замон талабига жавоб бермайдиган йўналишлар бакалавриатда 40 фоиз, магистратурада эса салкам 20 фоизни ташкил этади. Баъзи соҳаларда илмий изланиш олиб бориш учун адабиётлар етарли эмас. Хўш, илм билан боғлиқ оғриқли нуқталарга қандай ечимлар ишлаб чиқиляпти? Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган ислоҳотларнинг илк натижалари қандай? Олдинда ҳал этилиши лозим бўлган қандай долзарб муаммолар бор? “Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" масъуллари Kun.uzʼга бу ҳақида сўзлаб берди.

Ҳаётини яхшилашнинг энг муҳим факторларидан бири бу – шубҳасиз сифатли таълимдир. Соҳалардаги ўсиш, янги технологиялар, пухта хизмат, малакали мутахассислар – барчасининг илдизи таълимга бориб тақалади. Айни шу сабаб ҳукумат томонидан ўқув тизими ва самарадорлигини оширишга эътибор қаратиляпти. Давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази” лойиҳа офиси ҳам бунинг бир далилидир.

Мазкур ташкилот ўқитувчиларни тайёрлаш дастурларини такомиллаштириш, таълим хизматларини халқаро стандартларга мослаштириш миссияси билан иш бошлаган. Хўш, лойиҳа офиси томонидан йўлга қўйилган дастурлар таълим соҳасида қандай ўзгаришларга сабаб бўлмоқда?

Таълим сиёсатини реформациялашдаги дастлабки иш таълим соҳалари кесимида контент сифатини яхшилашдан бошланган. Ташкилот директори Адҳам Худайқуловнинг айтишича, тизимда ўқув дастурлари эскирган, уларни янгилаш зарурати туғилган.

“Муҳандислик, қурилиш соҳаларини оладиган бўлсак, бу йўналишдаги дарсликлар ҳозирги замон талабига жавоб бермайди, ўқув дастурлари эскирган. Айрим мавзуларни ўрганишга вақтимизни беҳуда сарфлаганмиз”, – дейди у.

Директорнинг қўшимча қилишича, олий таълимдаги ўқув йўналишларининг базавий адабиётлари рўйхати шакллантирилиб, хориж манбаларидан шартнома асосида фойдаланиш ҳуқуқи олинган. Олий таълим вазирлиги билан узвий ҳамкорликда уларнинг таржимаси йўлга қўйилган.

Лойиҳа офиси ходимларининг маълум қилишича, сифатли таълим тизимини шакллантириш мақсадида олий таълим классификатори халқаро таснифлагич асосида мақбуллаштирилиб, халқаро стандартларга мослаштирилган. Унга кўра, эскирган ва умумлаштирса бўладиган йўналишлар рўйхати шакллантирилган. Бакалавриат таълим йўналишлари 306 тадан 183 тага, 625 тадан 528 тага қисқартирилган.

Бакалавриатда 40 фоиз, магистратурада 20 фоизга яқин йўналишларнинг талабга жавоб бермаслигини аниқладик. Шу сабаб баъзилари қисқартирилди, айримлари битта соҳа кесимида умумлаштирилди