Президент Шавкат Мирзиёев 27 январ куни «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йили давлат дастури лойиҳаси юзасидан йиғилиш ўтказди.
Қайд қилинишича, Ўзбекистоннинг жами қувватларида «яшил» энергия улуши 16 фоизга етган. Бу йил уни 26 фоизга чиқариш режалаштирилган. Бунинг учун яна 3,5 гигаваттли 16 та йирик қуёш ва шамол станцияcи, 160 мегаваттли 5 та йирик ГЭС ва 1,8 гигаваттли энергия сақлаш қувватлари ишга туширилади. Давлат раҳбари бунга қўшимча яна 1 гигаватт қувватли лойиҳаларни шакллантириш бўйича кўрсатма берди.
Шунингдек, давлат корхоналари, саноат ва хизмат кўрсатиш мажмуалари ҳамда хонадонларда қуёш панеллари ўрнатишни рағбатлантириш давом эттирилади. Бунга 2 триллион сўм кредит ажратилади.

Сирдарё вилояти, Боёвут туманидаги 19-мактаб тажрибаси асосида боғча, мактаб ва шифохоналарда иссиқлик насосини жорий қилиш оммалаштирилади.
«Яшил иқтисодиёт» бу нафақат тоза энергетикани ривожлантириш, балки тармоқларда энергия самарадорлигини ошириш ҳам.
Бу йил камида 6 фоиз иқтисодий ўсиш суръатини сақлаб қолиб, ялпи ички маҳсулотни 125 миллиард доллардан ошириш мақсад қилинган. Бунга эришишда омилкорлик ва тежамкорлик жуда муҳим. Шу боис Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазирига энергия самарадорлиги ҳисобига харажатларни 15-20 фоизгача қисқартириш ва қўшилган қийматни кўпайтириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Давлат раҳбари ресурс тежамкор иқтисодиёт моделига ўтиш вақти келганини таъкидлади. Мисол учун, электротехника, автомобилсозлик, фармацевтика ва озиқ-овқат саноатида 1 тонна энергия сарфига тўғри келадиган қўшилган қиймат кимё, қурилиш материаллари, тўқимачилик тармоғидагидан 15-20 баробар юқори.

Юқоридаги соҳаларда ҳам ресурсларни тежаш, кам энергия сарфлаб, кўп қўшилган қиймат олаётган тармоқларни ривожлантириш вазифаси қўйилди. Энергия истеъмоли юқори бўлган 400 та йирик саноат корхонаси энергия аудитдан ўтказилиб, тежамкор технологиялар жорий қилиниши белгиланди.
Бу йил ишлаб чиқариш ва инфратузилма лойиҳаларининг 15 фоизи, 2027 йилдан 30 фоизи, 2030 йилдан 55 фоизи «яшил» бўлади. Кам углеродли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлардан 300 миллион доллар ресурс жалб қилинади.
















