Ўзбекистон | 16:36 / 30.01.2025
2985
3 дақиқада ўқилади

Аҳоли томорқасида озиқ-овқат етиштиришни молиялаштириш учун 5 триллион сўм ажратилади

Президент Шавкат Мирзиёев 30 январ куни томорқада ва ижарага берилган экин ерларида даромадли маҳсулот етиштиришнинг янги тизими бўйича йиғилиш ўтказди. Унда томорқа ва деҳқончилик ерларида юқори даромадли экинлар етиштириш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилди.

Қайд қилинишича, самарқандлик боғбонлар узум кўчатини шпалерга ўтказиш учун субсидия беришни сўраган. Бундай усулда ҳосил 2 карра ошади. Бу қўллаб-қувватланиб, ҳар бир шпалер учун 15 минг сўмгача субсидия ажратилади. Шунингдек, майизни осма усулда қуритиш ускуналари учун оилавий тадбиркорлик дастури доирасида имтиёзли кредит берилиши айтилди.

Сурхондарё вилояти Денов туманидаги Тасмасой маҳалласида 875 та хонадон томорқасида цитрус мева кўчати ва лимон етиштириб, ҳар бири йилига 200 миллион сўмгача даромад олаяпти. Сариосиё ва Олтинсойдаги мингдан зиёд хонадонлар ҳам “ҳандак” ва “термос” усулида лимон етиштириш ташаббусини билдирган.

Янгийўллик деҳқонлар кўкат уруғлари йўқолиб кетгани, сифатли нав етишмаслигини айтган. Булар бўйича вазиятни ўнглаш, аҳоли ташаббусларини амалга ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Давлат раҳбари томорқа ва деҳқончилик ерларида юқори даромадли ва экспортбоп экинлар экиш, уларнинг ҳисобини юритиш ва молиялаштириш бўйича янги ташаббусларни маълум қилди.

Деҳқон хўжаликлари ва томорқани ривожлантириш бўйича алоҳида кенгаш тузилади. У аҳолини ўқитишдан тортиб, уруғ, кўчат етказиш, маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва экспортга чиқариш занжирини яратиш билан тизимли шуғулланади.

Мазкур кенгаш бошқарадиган “Узагростар” холдинг компанияси ташкил этилади. Ушбу холдинг таркибида мева-сабзавотчилик йўналишларига ихтисослашган 15 та компания очилади. Ушбу компаниялар мева-сабзавот етиштириш бўйича ўз брендини яратган 15 та драйвер туманни янги босқичга олиб чиқиб, уларнинг тажрибасини яна 72 та туманда оммалаштиради.

Ҳар бир компанияга бюджетдан 20 миллиард сўмдан маблағ ажратилади. Томорқа кенгашида алоҳида жамғарма ташкил қилиниб, дастлабки босқичда 260 миллиард сўм пул ва 1,2 триллион сўмлик кредит портфели берилади.

Бунинг ҳисобига 15 та компания бириктирилган туманлардаги ихтисослашган маҳаллалар аҳолисини ўзига мижоз қилиб, маблағ билан таъминлайди. Томорқада ҳосилни кўпайтириш учун четдан янги технология ва экспертлар олиб келади. Хонадонларга ҳосилдор уруғ ва кўчат, сифатли ўғит етказиш, агротехник хизматлар кўрсатиш, маҳсулотини қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилишда кўмаклашадиган тизим ташкил этилади.

Уруғчилик институтлари билан ҳамкорлик ривожлантирилади. Танлаб олинган туманларда “яшил” иссиқхоналар ташкил этилиб, намуна қилинади.

Умуман, аҳоли томорқасида озиқ-овқат етиштиришни молиялаштириш учун қарийб 5 триллион сўм йўналтирилиши белгиланди.

Деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгаларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча имкониятлар яратилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид