Ўзбекистон | 16:43 / 30.01.2025
2282
2 дақиқада ўқилади

Юқори даромадли деҳқонларга ер солиғининг 90 фоизи “кэшбек” сифатида қайтарилади

Президент Шавкат Мирзиёев 30 январ куни томорқада ва ижарага берилган экин ерларида даромадли маҳсулот етиштиришнинг янги тизими бўйича йиғилиш ўтказди.

Қайд қилинишича, маҳалла ва хонадонларда музлаткич, қадоқлаш, қуритиш, қайта ишлаш омборлари ва иссиқхоналар қурилиб, аҳолига 5 йилда бўлиб тўлаш шарти билан тайёр ҳолда берилади. Аҳоли ва деҳқонларнинг энг намунали лойиҳалари учун ҳар йили 20 миллиард сўмлик грантлар эълон қилинади. Бунда 500 та маҳалладаги энг зўр лойиҳага 40 миллион сўмдан грант берилади.

Шу билан бирга, маҳаллада экспортбоп маҳсулот етиштиришни йўлга қўйиб берган уста-деҳқонларга 100 миллион сўмгача, қисқа муддатли ўқув курсини ташкил қилганларга 5,5 миллион сўм субсидия ажратилади. Сув таъминоти оғир жойларда ёмғир сувини тўплаш ва сақлаш сиғимини қуриш харажатининг ярми қоплаб берилади.

Томорқа ва деҳқон хўжалиги ерлари, уларда етиштирилган маҳсулот ҳисобини юритиш бўйича ҳам янгича тизим бўлади. Бунинг учун йил якунигача томорқалар ва экин ерлари алоҳида таснифланади. Уларда нима экилгани “онлайн маҳалла” платформасига киритилади.

Ердан самарали фойдаланиб, бир сотихда 5 миллион сўмдан юқори расмий даромад олаётган деҳқонларга ер солиғининг 90 фоизи “кэшбек” сифатида қайтариб берилади. Аксинча, томорқасига экин экмаганлардан ер солиғи оширилган миқдорда ундирилади.

Ҳозир бу соҳада “рақамли бозор” бўлмагани учун деҳқонлар мева-сабзавотига харидор, қайта ишловчи ва экспортчилар эса маҳсулот қидириб юрибди. Шу боис уларни ўзаро боғлайдиган “маркет плейс” ишга туширилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид