Жамият | 14:21 / 02.02.2025
2670
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд ва Тошкент вилоятларида йирик миқдордаги гиёҳванд моддалар тарқатилишининг олди олинди

Аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Қўлга олинган шахсларга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Фото: ДХХ

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Самарқанд ва Тошкент вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирларда жами 111 кг наркотик модда мусодара қилинган.

Жумладан, Самарқанд вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Тожикистоннинг Сўғд вилояти Панжикент туманидан айланма йўллар орқали 10 кг 894 гр “опий” моддасини Ургут тумани ҳудудига олиб келган Тожикистон фуқаролари – 1980, 1982, 1989 йилларда туғилган 3 нафар ака-ука қўлга олинган.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, уларнинг жиноий шериги бўлган, Ургут туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган аёл ҳам ушланиб, унинг яшаш хонадонида сақланаётган 13 кг 85 гр “опий” моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. 

Бошқа ҳолатда эса, “ўзбек-тожик” давлат чегарасининг Тошкент вилояти Бекобод тумани “Турон” МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмида олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида, Тожикистоннинг Сўғд вилояти Мастчох туманидан Бекобод туманига оқиб ўтувчи Далварзин канали орқали оқизиб юборилган 3 дона елим идишдаги жами 8 кг 381 гр “опий” ва 59 кг 296 гр “гашиш” моддалари борлиги аниқланган.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олиш мақсадида чегара ҳудудига келган Бекобод шаҳри ва туманида яшовчи, 1985, 1989, 1996 ва 1997 йилларда туғилган 4 нафар фуқаро қўлга олинган. Улардан 2 нафари муқаддам судланган шахслар ҳисобланади.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. 

Бекобод туманида қайд этилган яна бир ҳолатда, “ўзбек-тожик” давлат чегарасидан тахминан 400-500 метр узоқликдаги дала майдонида муқаддам номаълум шахслар томонидан қолдириб кетилган 1 дона спорт сумкаси ичида 3 кг 942 гр “опий” ва 15 кг 473 гр “гашиш” моддалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гиёҳвандлик воситаларини қолдириб кетган шахсларни аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид