Тадбирда икки мамлакат етакчи компаниялари, инвестиция ва банк-молия институтларининг 200 дан зиёд раҳбарлари, жумладан, Малайзиянинг «Petronas», «MMC Corporation», «DRB-Hicom», «Gemilang Coachwork», «Proton», «Gentari», «Five Petroleum», «YTL Corporation», «Sunview Group», «KPJ Healthcare», «MK Tron», «Mimos», «Sparco Engineering», «Tradewinds Group», «Kapital DX», «Gamuda», «Westports», «Khazanah», «EXIM Bank of Malaysia» ва бошқа кўплаб компаниялари вакиллари қатнашди.

Давлат раҳбари ўз нутқида бугун бўлиб ўтган олий даражадаги самарали музокараларда Ўзбекистон-Малайзия шериклигини инновацион ривожлантиришнинг икки йиллик даврини бошлаш бўйича келишувга эришилгани, амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинганини таъкидлади.

Ўтган йили Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилгани, икки мамлакат ишбилармонлари иштирокида қатор йирик тадбирлар ўтказилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Бўлиб ўтган музокараларда мавжуд захиралар чуқур таҳлил қилиниб, кўп қиррали шерикликнинг янги «ўсиш нуқталари» белгилаб олинди.

Товар айирбошлаш ҳажмини каррасига ошириш, имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш, ўзаро кўргазма ва ярмаркалар ўтказиш бўйича келишувларга эришилди. Қўшма лойиҳаларнинг салмоқли портфели шакллантирилди, Саноат кооперацияси дастури ишлаб чиқилди.

- Мақсадимиз - муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш, - деди Мирзиёев.

Малайзия Ўзбекистоннинг муҳим инновацион ва технологик ҳамкоридир. Шу маънода, давлат раҳбари Ўзбекистон-Малайзия ишбилармонлик ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг қатор устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди. Бу, энг аввало, электроника ва яримўтказгичлар саноатида узоқ муддатли ҳамкорликни кенгайтиришдир. Сунъий интеллект, рақамли технологиялар, маълумот марказлари бўйича лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлиги қайд этилди.

Газ-кимё ва кимё саноати муҳим йўналиш ҳисобланади. Полимерлар, «яшил» водород ва аммиак ишлаб чиқариш бўйича стратегик лойиҳаларни тайёрлаш устида иш олиб борилмоқда.

Қурилиш соҳасининг жадал ривожланиши инновацион ва экологик тоза қурилиш материалларига талабни оширмоқда. Президент Малайзия компанияларини мамлакатимиз ҳудудларида замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва кенг кўламли бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этишга чақирди.