Ўзбекистон | 16:55 / 08.02.2025
2210
2 дақиқада ўқилади

«Бир миллион яшил оила» умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади

2025 йилда аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш чоралари кўрилади.

Фото: Kun.uz / Нуриддин Нурсаидов

«Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2025 йилда аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш борасида қуйидагилар амалга оширилади:

- «Экофаол фуқаро» ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган «Бир миллион яшил оила» умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади.

2025/2026 ўқув йилидан:

- Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши каби таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича етакчи олий таълим ташкилоти этиб белгиланади;

- республиканинг ҳар бир туманида (шаҳрида) босқичма-босқич инклюзив таълим талабларига жавоб берадиган камида биттадан умумтаълим мактаби фаолияти ташкил этилади;

- «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида 3,5 минг камбағал оила фарзандларини тайёрлаб, олий таълим ташкилотларига белгиланган тартибда грант асосида қабул қилиш ишлари ташкил этилади;

- 2025 йил 1 мартгача тўғри овқатланиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишнинг инсон саломатлигига фойдасини тарғиб қилишни кучайтириш дастури ишлаб чиқилади;

- 2025 йил 1 августгача озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш, бошқариш ва мониторинг қилиш мақсадида идоралараро яхлит Миллий ахборот платформаси ишлаб чиқилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид