Ҳар йили куз-қиш мавсумида ҳаво ифлосланишининг асосий манбалари кўмир ва мазутдан чиқаётган заҳарли ташланмалар бўлиб қолмоқда. Салкам 2 йил аввал энергетика секторида бошланган газ билан боғлиқ сиёсат сабаб экология бой берилмоқда. Расмийлар бунга комплекс ечимлар керак деганига ҳам йил тўлди. Бирор иш қилинадими? Kun.uz тобора жиддийлашиб бораётган мавзуда мустақил эксперт ҳамда расмийлар билан суҳбатлашди.
Тошкент ҳавосининг сифати кризис нуқтага етиб келди ҳисоб. 20 йилга етиб бормаслиги прогноз қилинадиган пойтахтда атмосфера ҳавоси энди яхшиланадими? Kun.uz ушбу муаммо, унинг сабаблари ва ечими ҳақида экспертлар билан суҳбатлашди.
Суҳбатда иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов, Мева-сабзавотчилар миллий ассоциацияси раиси Абдураҳим Абдувалиев, Экология вазирлигининг тегишли департаменти бошлиғи Фаррух Сатторов ҳамда “Тошкент иссиқлик маркази” МЧЖ директори Бегзод Буронбоев иштирок этди.
– Эркин ака, дастлаб сизга юзлансак. Мутахассис сифатида Тошкент ҳавосига оид ўз изланишларингизни олиб боргансиз, бу ҳақда кўп гаплашдик. Суҳбатнинг кириш қисми учун шу ўрганишларингизни қисқача тушунтириб бероласизми, пойтахт ҳавоси нима сабаб кўп заҳарланмоқда?
Эркин Абдулаҳатов: Албатта, шу масалада бир кейс билан бошламоқчиман. Англиядаги туманли албион, яъни АПЛ(Англия премиер лигаси)ни туманли албион ҳам дейишади. Бу – ўша ХХ асрдаги даврга хос бўлган жумла. Қиш ойларида ҳам қандайдир туманнинг ичида футбол бўлаётгани эсимни танибманки жуда камдан кам ҳолатда бўлади. Лекин ХХ аср бошларида бу жуда ҳам кўп бўлган. Бунинг сабаби ўша пайтда Лондон каби Англиянинг кўплаб шаҳарларида кўмир ёқилиши, умуман углеводородлар чиқиши натижасида туман ҳодисалари рўй берган. Яъни кўмирдан ажралган майда заррачалар сув буғининг марказдаги конденсация заррачасига айланиб қолади. Ва бу ўз-ўзидан туманни чақиради. Бу туманнинг фонида яна бир табиатнинг физик ҳодисасида муаммо юзага келади, яъни бу шамол. Мана шундай жараёнда шамол тезлиги пасайиб кетади, шунинг ортидан ўтган асрнинг 50 йили давомида Англияда жуда катта кураш бошланади, нима учун, кўмир ёқилиши натижасида [юзага келяпти деб]. Бу нафақат ақлий салоҳиятни пасайтиради, ўша фуқароларда саломатлик, туғилиш билан боғлиқ муаммо юзага келганидан кейин булар чора кўришади. Ўша манбаларда газ ресурси асосида ёқиш ва иситиш мавсумига ўтишга бел боғлашади.
Тушунарлики, кўмир ва мазут ёқилиши натижасида ҳавода сув буғи, яъни хиралик кўпаяди, бунинг фонида ифлосланиш ҳам ортиб кетади. Ҳозирги охирги вақтда Тошкент атрофида яшайдиган аҳолининг ўзи, масалан, Назарбек, Ҳасанбойдагилар билан гаплашсангиз ҳам ўтмишга нисбатан туман кўпайганини таъкидлашади. Нима учун? Чунки ўша Тошкент атрофида нафақат иссиқхоналар, балки Қозоғистоннинг ҳам таъсири бор, уларда ҳам иссиқхоналар етарли, 2 мингга яқинни улар ҳам кўмир билан иситяпти. Газсиз ёндираётгани йўқ. Уларга ҳам чора кўришимиз керак, ҳозир умумий ифлосланиш ҳақида гапирадиган бўлсак, экология бу жуда кенг тармоқли. Экологик вазиятни барқарорлаштиришимиз учун бир эколог олим айтганки, экология бу табиат ва жамият ўртасидаги кўп босқичли тармоқларнинг тузилиши, ишлаши билан боғлиқ фанлараро билимлар мажмуаси ҳисобланади.









