Жаҳон | 18:07 / 11.02.2025
2799
2 дақиқада ўқилади

Пентагон Конгресс тақиқига қарамай Форт-Брэгг ҳарбий базасининг тарихий номини тиклади

Форт-Брэгг дунёдаги энг катта ҳарбий объектлардан бири бўлиб, у 2023 йилда «Форт-Либерти»га ўзгартирилганди. АҚШ Мудофаа вазири эса базанинг тарихий номини қайтариш тўғрисидаги ҳужжатни имзолади.

Фото: Getty Images

АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсет Форт-Брэгг ҳарбий базасининг тарихий номини тиклади. Бу ҳақда Пентагон матбуот хизмати хабар берди.

«Ҳа, Брэгг қайтди!» — дея вазир тегишли буйруққа имзо чеккан.

Форт-Брэгг дунёдаги энг катта ҳарбий объектлардан бири бўлиб, Америка Конфедератив Штатлари генерали Брэкстон Брэгг шарафига номланган. «Форт-Либерти» («Озодлик форти») номини эса база 2023 йилда таниқли конфедеративлар шарафига номланган федерал муассасаларни қайта номлаш дастури доирасида олганди. Ўшанда АҚШ Конгресси Пентагон бюджетини тасдиқлашни тўққизта ҳарбий база номини мажбурий ўзгартиришга тўғридан тўғри боғлаб қўйган эди.

Конгресс талаби ҳозир ҳам кучда, аммо вазир уни четлаб ўтиш йўлини топган. У имзолаган ҳужжатга кўра, базанинг тўлиқ номи «Роланд Л. Брэгг форти» бўлиб, у АҚШнинг юксак ҳарбий мукофотлари билан тақдирланган Иккинчи жаҳон уруши фахрийсидир.

Ҳарбий базанинг тарихий номи тикланиши кўпчилик америкаликлар учун янгилик бўлмади. Чунки Хегсет бир неча бор ўз чиқишларида тарихий номларнинг ўзгартирилишидан норози эканини билдириб, буни «шармандалик» ва «сафсата» деб атаган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид