7 феврал куни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги иссиқхоналар атрофидаги ҳавони “меъёридан ошмаган” деб эълон қилганди. Бу тармоқларда танқид ва кинояларга сабаб бўлди.

4 февралда вазирлик масъуллари ОАВ иштирокида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти билан чегарадош бўлган Тошкент ҳалқа автомобил йўли бўйлаб 9 та нуқтадан ҳавонинг ифлосланиши бўйича кўчма лаборатория таҳлиллари ўтказган. Ҳавони ўлчаш ТҲАЙда Эшонгузар аҳоли яшаш пунктидан Тошкент Педиатрия тиббиёт институтигача бўлган ҳудудларда олиб борилган. Натижаларга кўра, ҳудудларда PM2,5 ва 10 ифлослантирувчи моддалар миқдори белгиланган меъёрдан ортиқча ташланаётганлиги ҳолати аниқланмаган. “Мавжуд иссиқхоналар фаолияти доимий равишда ўрганилиб, иссиқхоналарни иситиш учун шина, целлофан, парранда гўнги ва бошқа зарарли тутун чиқарувчи ашёлардан фойдаланилишининг олдини олиш, шунингдек, иссиқхоналар дудбуронларига давлат стандартлари талабларига жавоб берадиган чанг-газ тозалаш ускуналари (филтр) ўрнатиш бўйича профилактик тадбирлар олиб борилди”, - дейилган вазирлик расмий хабарида.

Шундан кейин турли тармоқ фойдаланувчилари вазирлик ҳаво ўлчовини кўрсатган расмда PM2,5 миқдори 209 мкг/м3 бўлгани, бу эса IQAir платформасидаги меъёрдан 40 баравар ошганини ёзишган. Сервис ҳавони жуда зарарли деб кўрсатаётганини қўшимча қилишган.

Эътирозларга Экология вазирлиги расмий муносабат билдирди. Тушунтирилишича, ижтимоий тармоқларда атмосфера ҳавосида РМ 2,5 зарраларининг белгиланган меъёридан 40 маротаба ортганлиги тўғрисидаги хабарда ҳисоблаш методикаларига амал қилинмаган. Яъни унда 209 мг/м3 – бир марталик меъёрни ЖССТнинг ҳаво сифати бўйича тавсиясининг эришилиши мумкин бўлган энг юқори ўртача йиллик кўрсаткичга – 0.005 мг/м3 (5 мкг/м3)га бўлиш орқали ҳисобланган.

Ўзбекистонда қабул қилинган Санитария қоидалари ва нормаларида эса PM2,5 бир марталик ўлчаш меъёри белгиланмаган, унинг кунлик меъёри - 0,06 мг/м3 ва йиллик меъёри -0,035 мг/м3 этиб белгиланган.