Европадаги кўплаб сиёсатчилар чоршанба оқшомидаёқ АҚШ президенти Доналд Трампнинг Путин билан бўлажак учрашуви ҳақидаги сўзларига ҳамда Трамп ва унинг мудофаа вазири Пит Ҳегсетнинг Украина бой берган ерларни қайтариш нореаллиги ҳақидаги фикрларига муносабат билдиришди. Улардан бир қисми Украина ва Европасиз тинчлик музокаралари ўтказиб бўлмаслигини, бошқалари — музокаралар бошланмасидан бундай оғзаки ён бериш Украина ва Ғарб манфаатларига хиёнат қилиш эканини айтишмоқда.
Трамп Вашингтонда Путин билан суҳбати ҳақида гапираётган бир пайтда Париждаги учрашувда Европанинг етакчи давлатлари ташқи ишлар вазирлари урушни муҳокама қилишди. Якуний баёнотда улар ўз мамлакатлари Украинага ёрдамни кўпайтиришга тайёрлиги ва унинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
«Биз Украинага ёрдамимизни оширишга тайёрмиз. Биз Россиянинг ҳарбий тажовузи олдида унинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашимизни билдирамиз. Бизнинг умумий мақсадимиз — Украинани адолатли, кенг қамровли ва мустаҳкам тинчликка эришгунга қадар қўллаб-қувватлашда давом этишдир», — дейилади Франция, Германия, Полша, Италия, Испания ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, Европа Иттифоқи ташқи сиёсат ва мудофаа идоралари раҳбарлари баёнотида.
Йиғилиш иштирокчилари ўз нуқтайи назарларига кўра, Европа тинчлик музокараларида албатта иштирок этиши кераклиги ва буни америкалик иттифоқчилар билан муҳокама қилиш ниятида эканликларини таъкидлади.
«Украина мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги муҳокама қилинмайди. Бизнинг ҳозирги устувор вазифамиз Украинани кучайтириш ва таъсирчан хавфсизлик кафолатларини таъминлаш бўлиши керак. Европа ҳар қандай музокараларда марказий рол ўйнаши керак», — дея Европа Иттифоқи ташқи сиёсат идораси раҳбари, Эстониянинг собиқ бош вазири Кая Каллас Париж учрашуви якунларини сарҳисоб қилди.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Трампнинг баёнотларига изоҳ бераркан, алоҳида музокаралар олиб бориш мумкин эмаслигини алоҳида таъкидлади.


















