АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Мюнхен хавфсизлик конференциясида нутқ сўзлаб, Европа давлатлари сиёсатини кескин танқид қилди.

«Европага бўйича мени энг кўп хавотирга солаётган таҳдид — Россия, Хитой ёки бошқа ташқи куч эмас. Ичкаридан келаётган таҳдид мени хавотирга солмоқда. Европанинг энг асосий қадриятларидан баъзиларидан чекиниши: Америка Қўшма Штатлари ҳам баҳам кўрадиган қадриятлардан», —деди Вэнс.

АҚШ вице-президенти 13 февралда — хавфсизлик бўйича конференция бошланишидан бир кун олдин — Мюнхенда бошқарувида келиб чиқишига кўра Афғонистондан бўлган 24 ёшли шахс автомобилда намойишчиларни босиб кетгани, натижада 20 дан ортиқ киши жароҳатланганини эслатган.

«Йўналишни ўзгартиришимиз ва умумий цивилизациямизни янги йўналишга олиб боришимиздан олдин бундай даҳшатга яна қанча чидашимиз керак? Бу қитъада ҳеч бир сайловчи сайлов қутиси олдига миллионлаб текширилмаган иммигрантлар учун эшикларни очиш учун келмаган», — деди Вэнс.

У, шунингдек, кўпчилик овоз тўплаган номзод Калин Жоржеску Россия билан алоқадорликда гумон қилингач, Руминия президенти сайловининг биринчи босқичи натижалари бекор қилинганини эслатди. Тахминларга кўра, Россия ижтимоий тармоқларда Жоржеску номзодини қўллаб-қувватлаш кампаниясини уюштирган.

«Россия сизнинг сайловларингизга таъсир ўтказиш учун ижтимоий тармоқлардаги рекламаларни сотиб олиши нотўғри деб ўйлашингиз мумкин. Биз, албатта, шундай деб ҳисоблаймиз. Сиз буни жаҳон майдонида ҳам қоралашингиз мумкин. Аммо агар сизнинг демократиянгиз бошқа мамлакатнинг бир неча юз минг долларлик рақамли рекламасига дош беролмаса, демак, у аввалбошдан унчалик кучли бўлмаган», — деди у.

Кейин эса Вэнс Мюнхен хавфсизлик конференцияси ташкилотчилари «хоҳ сўл бўлсин, хоҳ ўнг бўлсин, барча популистик партияларга мансуб бўлган депутатларга мунозараларда қатнашишни тақиқлагани»ни қайд этди.

«Биз одамлар айтган ҳамма нарсага ёки нимагадир қўшилишга мажбур эмасмиз. Аммо сиёсий етакчилар муҳим электоратни ифода этадиган бўлса, биз ҳеч бўлмаганда улар билан мулоқотда иштирок этишга мажбурмиз», — деди у. «Мен ҳақиқатан ҳам ишонаманки, агар фуқароларимизга ўз фикрларини билдириш имконияти берилса, улар янада кучли бўладилар», — дея қўшимча қилди у.

АҚШ вице-президенти, шунингдек, Буюк Британиядаги «буфер зоналар» тўғрисидаги қонунни эслатиб ўтди, унга кўра, абортга қарши тарғибот бевосита аборт ўтказиладиган муассасалар яқинида чекланган.

«Биз шунчаки демократик қадриятлар ҳақида гапириш билан чекланмаслигимиз керак. Биз улар билан яшашимиз керак, — деди Вэнс. — Ушбу залда ўтирган кўпчилигингизнинг ёдингизда бўлса керак, совуқ уруш демократия ҳимоячиларини бу қитъадаги тиран кучларга қарши қўйганди. Ва ўйлаб кўринг, бу курашда ким цензура, черковларни ёпиш, сайловларни бекор қилиш тарафдори эди. Улар яхши йигитлар эдими? Йўқ, албатта. Афсуски, бугунги кунда Европага қараганимда, баъзида совуқ урушнинг баъзи ғолиблари билан нима содир бўлгани унчалик тушунарли эмас».