Узун туманида рўй берган даҳшатли қотиллик, жазони ижро этиш масканларида вафот этган маҳбуслар, 2025 йил учун ажратилган Ҳаж квоталари ва битирувчиларни ишга жойлаштириш учун янги дастур — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Узундаги даҳшатли қотиллик

Сурхондарё вилояти Узун туманида даҳшатли қотиллик жинояти содир этилди. 15 феврал куни тунги соат 3 ларда Номаълум шахслар бир оила аъзоларини шафқатсизлик билан қатл қилиб, жасадларни ёқиб юборган.

Воқеа устидан чиққан қўшнилар аввал ёнғиндан хабар топиб, оловни ўчиришга ҳаракат қилишган, сўнгра уй ичида жасадларга дуч келишган.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, марҳумлар — маҳаллий мактаб ўқитувчиси бўлган аёл ва унинг вояга етмаган ўғли экани аниқланган. Яна икки нафар вояга етмаган қиз фарзандлари тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасига жўнатилган.

Тахминларга кўра, қотиллик ўткир буюм, эҳтимол, отвертка ёрдамида содир этилган. Оила бошлиғи чет элда бўлган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши очилган, вилоят ички ишлар бошқармаси терговни ёпиқ ҳолда олиб бормоқда.

Қамоқхоналарда икки маҳкум вафот этди

Олмалиқдаги 14-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо ўтаётган Муҳаммадқодир Пўлатов 15 феврал куни вафот этган.

Марҳумнинг онаси Нигора Қамбарова ўғлида соғлиқ муаммолари бўлмаганини, у спортчи эканини таъкидлади. Безориликда айбланиб, 3 йилга қамалган ёлғиз ўғил шу йил августида манзил колонияга чиқиши керак бўлган.

Колония маъмурияти маҳкум миокард инфаркти ва панкреатит оқибатида вафот этганини билдирди. Унинг онаси фарзандининг баданида қийноқ излари мавжудлиги, электрошокер изига ўхшаш чизиқлар борлигини айтмоқда.

Бош прокуратура ҳолат юзасидан маносабат билдирди: Олмалиқ шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан воқеа жойи ва мурда кўздан кечирилиб, мутасадди ходимлар ва шифокорлардан ҳолат юзасидан тушунтиришлар олинган ва ўлим сабабини аниқлаш учун судга оид тиббий экспертиза тайинланган.

Шунингдек, Бўстонлиқ туманидаги 7-сонли колония маҳкуми Мустафо Турсунбоев ҳам ҳалок бўлди. Расмий маълумотларга кўра, у бинодаги деворларни бузиш вақтида девор устига қулаган. 11 февралда жароҳат олган маҳкум 16 феврал куни шифохонада вафот этган. Ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси — меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш бўйича жиноят иши қўзғатилган.