Охирги 7 йилда Ўзбекистонда газ қазиб олиш 28 фоизга камайди. Шунга қарамай, бу ресурсни четга сотиш ҳамон давом этмоқда. Бундан 5 йил олдин газ экспорти 2025 йилдан бошлаб тўхтатилиши айтилганди, бу рўй берадими, қазиб олишдаги пасайиш ниҳоят тўхтайдими, номаълумлигича қолмоқда. Kun.uz бу борада иқтисодчи Шуҳрат Расулнинг фикрлари билан қизиқди.
Газга бўлган талабнинг етарлича қондирилмаётгани қиш ойларида Ўзбекистон иқтисодиётига катта зарба бўлмоқда.
Мамлакатда газ қазиб олиш ҳажми 7 йилдирки тўхтовсиз камайиб боряпти. Статистика агентлиги маълумотига кўра, 2024 йил давомида газ қазиб олиш ҳажми 44,59 млрд куб метрни ташкил этган бўлиб, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 2,1 млрд куб ёки 4,5 фоизга қисқарган.
Расмий рақамлар охирги 7 йилда газ қазиб олиш қарийб 28 фоизга ёки 17 млрд куб метрга камайганини кўрсатмоқда.
Мутасаддилар бу тенденцияни мавжуд конлардаги нисбатан осон қазиб олиш мумкин бўлган захираларнинг камайиб бораётгани билан изоҳлайди. Чуқурроқ қатламлардан газ қазиб олиш ва янги конларни ўзлаштириш учун ажратилаётган маблағларнинг самараси эса ҳозирча кўзга ташланмаяпти. Kun.uz бу борадаги саволлар билан иқтисодчи Шуҳрат Расулнинг фикрлари билан қизиқди.
“Қуриган қудуқлар компенсация қилинмаяпти”
Иқтисодчининг сўзларига кўра, газ ҳам, нефт ҳам ҳар доим янги қудуқлар очиб турилсагина барқарор қазиб чиқариш кўрсаткичларини ушлаб туриши мумкин.
“Ўзбекистонда 370 та газ қудуқлари бўлса, ҳар йили 10-15 таси қуриб қолади. Қуриб қолганини компенсация қилиш учун камида 15 ё 20-25 та янги қудуқлар очиш керак. Мустақиллик давридан бери Ўзбекистонда газ саноатида шу муаммо – қудуқлар қурийди, лекин уларни компенсация қилиш кам бўлган.
1990 йилларда 68 млрд метр куб газ қазиб чиқарилган. 2024 йилги статистика бўйича эса 44 млрд куб. У пайтда аҳолимиз 20 миллион эди, ҳозир салкам 40 миллионга етди. Объектив сабаблар бор. Ҳукуматнинг аргументлари ҳам ўринли: совет даврида очилган, ер сатҳига яқин бўлган дебетлар ҳаммаси олиб бўлинди, ҳозир чуқур дебетлар қолди. Бунинг учун мураккаб технологиялар керак. Ўзбекистон ўзининг газ саноати потенциали билан 5-6 минг метр пастдаги газ қудуқларини ўзлаштира олмайди. Бизга соҳанинг мутахассислари, илғор технологиялар керак. Бунинг учун трансмиллий компаниялар бор, лекин улар Ўзбекистонга қизиқиш билдирмайди, чунки дунёда дебет яқин бўлган газ, нефт конлари кўп. Улар бирор жойдан газ қазиб олмоқчи бўлса, харажатлари камроқ, лекин тез ўзлаштириладиган жойларга қизиқиши катта бўлади.















