Уруш ва сайлов: Украинада ҳозир кимнинг рейтинги баланд?
Россияни энг узоқ вақт бошқариш бўйича Брежневнинг натижасини янгилаб, иккинчи ўринга кўтарилган Владимир Путин 2019 йил Украинадаги сайловни ютиб президент бўлган Володимир Зеленскийни нолегитим деб аташни шаблон риторикага айлантирди. Бу гап Доналд Трампга шунчалик ёқиб қолдики, охирги чиқишларида уни тез-тез такрорлаяпти.
Чиндан Зеленскийнинг президентлик ваколатлари ўтган йил тугаши, 2024 йил 31 март куни сайлов ўтказилиши керак эди. Бироқ Киев уруш ҳолатида бўлгани учун сайловни бекор қилган. Энди кимсан Америка ва Россия Киевдан сайлов ўтказишни талаб қилмоқда. Москва Зеленский сайловда юта олмаслигига Вашингтонни астойдил ишонтирган кўринади. Бўлмаса Трамп Зеленскийнинг рейтинги 4 фоизга тушиб кетган деб айтмаган бўларди.
Украинани сайловга ундашдан асосий мақсад эса табиийки, Москвага мойил номзод ғолиб бўлишига умид қилишдир. Балки бирор ўйлаб қўйганлари ҳам бордир, ахир Киевдан сайлов ўтказишни талаб қилаётган одамлар орасида сайловда ютишнинг пири бўлиб кетган гигант сиёсатчилар бор.
Хўш, Украинада сайлов бўлса, унда кимлар қатнашиши ва ғолиб бўлиши мумкин? Бу борада ҳозирча ҳеч кимда аниқ тасаввур йўқ. Биз ҳам фақат охирги сўровларга асосланган тахминларни келтирамиз.
Валерий Залужний
Украина қуролли кучлари собиқ бош қўмондони, ҳозир мамлакатнинг Киевдаги элчиси бўлиб ишлаётган Валерий Залужний ҳеч қандай пиар кампания олиб бормайди, унинг имижи устида политтехнологлар ишламайди, элчихонага ҳам шевронли яшил курткада бориб қўяверади. Аммо генерал Залужний шубҳасиз 2022 йил 24 февралдан буён украинлар энг қаттиқ ишонадиган одам. Ахир саросимага тушган мамлакат капитуляция бўлишига йўл қўймай уни сақлаб қолган қўмондон айнан Валерий Залужний эди. Унинг хизматларини Зеленский ҳам кўп марта таъкидлаган.
Active Group ўтказган сўровга кўра, украинлар ишонч билдириши бўйича энг юқори кўрсаткич ҳамон Залужнийга тегишли. Унинг рейтинги 61 фоиздан баландроқ ва бу жуда зўр кўрсаткич. Журналистлар Залужнийдан сайловда қатнашасизми деб сўрашди, генерал ҳозир бу ҳақда гапирадиган вақт эмаслигини айтди.
Кирило Буданов
Худди шу ижтимоий ташкилот ўтказган сўровга кўра 50 фоиздан кўпроқ украиналиклар мамлакат бош разведкачиси Кирило Будановга ишонади. Генерал Буданов 2020 йилдан буён Украина мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси раҳбари вазифасида ишлаб келади.
Урушгача ҳарбийлар орасида жуда катта обрўга эга бўлган Буданов 2022 йил 24 февралдан кейин тез-тез омма олдида кўриниш берди, интервюлар орқали ўз шахсияти ҳақида билиб олишга имкон яратди. Қримда катта бўлган Буданов Украина бош разведка ташкилотининг элит бригадасида махсус топшириқли гуруҳни бошқарган. 2014 йилдаги урушда қатнашиб яраланган. Унинг асосий вазифаларидан бири душман ҳудудига ўтиб махсус операцияларни ўтказиш бўлган.
Россия Будановни ўлдириш учун бир нечта операциялар ўтказган, бир сафар унинг ўлими ҳақида ҳам хабарлар тарқалганди. Буданов АҚШ Марказий разведка бюроси билан яқин алоқада экани айтилади. У Донбассда яраланганида АҚШга даволаниш учун махсус борт билан олиб кетилган. Уруш бошидан буён Россия ичида амалга оширилган қатор суиқасдлар ташкилотчиси айнан Буданов экани айтилади.
АҚШ ва Россия кимни хоҳлаяпти?
Вашингтон ва Москва бежизга сайлов масаласини қайта-қайта кўтармаётгани аниқ. Катта эҳтимол улар Зеленскийнинг ўрнига кўзлаётган номзод бор. Лекин бу Виктор Медведчук ёки Виктор Янукович эмаслиги аниқ. Россияга ишлаши кундай равшан бўлган бу одамларга украинлар овоз бермайди.
У ҳолда бошқа номларга тўхталиш керак бўлади. Айтайлик, бундай одам ҳам Трамп маъмуриятини қўллаши, ҳам Россияга ёқадиган гапларни айтадиган бўлиши ва албатта, жуда машҳур бўлиши керак. Лекин Украинада бундай номзод борми? Бор, Олексий Арестович.
У ҳозир Америкада яшайди ва анчадан бери Трампни мақтаб келади. Украиналик журналист Дмитрий Гордоннинг айтишича, Арестович Америка республикачилари билан яқин алоқада. Украинада уни Россияга ишлашда ҳам айблашган. Ўтган йил бошида Арестович президентлик сайловида қатнашиши ҳақида эълон қилиб тарғибот ҳам бошлаганди. Лекин кейин сайлов бекор бўлди.
Арестович Украина аҳолиси орасида машҳур, уруш бошида унинг рейтинги баланд бўлган. Ўшанда сиёсатчи Зеленский маъмуриятида маслаҳатчи бўлиб ишларди. Донбасс ва Киевдаги жанглар учун орден олган, подполковник ҳарбий даражаси ҳам бор. Арестович Россия ва АҚШ учун айни муддао одам, лекин у Украинага қайтиб сайлов кампанияси ўтказиши қийин масала.
Собиқ президент Порошенко номзоди ҳам Трамп ва Путинни қониқтириши мумкин. Чунки у музокарабоп одам, узоқ талашиб ўтирмайди. Агар яқинда устидан очилган жиноий иш халақит бермаса, Порошенко сайловда қатнашиб ютиши мумкин, чунки конституция бўйича унда сайланиш учун яна бир имконият бор.
Лекин
Бироқ агар сайлов ўтказиладиган бўлса, унда катта эҳтимол амалдаги президент Володимир Зеленский ғолиб бўлади. Чунки унинг Украинадаги рейтинги 4 фоиз эмаслигини Трамп ҳам билса керак. Киев ижтимоий институти ўтказган охирги сўровда Зеленскийнинг рейтинги 57 фоиз экани қайд этилган.
Украина охирги уч йилда жуда қийин кунларни бошдан кечирди. Украинлар халқ билан ҳисоблашмаган раҳбарни бир кунда ағдара олишини исботлаб бўлган. Агар улар урушнинг бош айбдори Зеленский деб билишса, уни аллақачон ағдарган бўлишарди, менимча. Украина жамияти дунёдаги энг катта давлат бостириб кирганда пароканда бўлиб кетмади. АҚШ ва Россиянинг сиёсий босими ҳам уларни парчалай олмаса керак. Балки биз хато фикрлаётгандирмиз. Омон бўлсак кўрамиз...
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.
Тавсия этамиз
Қимматга тушган липосакция: блогерни кимлар операция қилди?
Жамият | 19:22 / 04.04.2025
NYT Германиядаги «уруш офиси» ҳақида суриштирув эълон қилди
Жаҳон | 15:18 / 04.04.2025
Минбардаги 25 соат: сенатор Букер нега бундай қилди?
Жаҳон | 22:47 / 03.04.2025
Ўзбекистоннинг 9 та вилоятида сел хавфи эълон қилинди
Ўзбекистон | 22:24 / 03.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Хитой суди юзлаб тирик тимсоҳларни онлайн аукционга қўйди
Жаҳон | 19:28
-
Трамп Россиядан Украинани бомбалашни тўхтатишни талаб қилмоқда
Жаҳон | 19:11
-
Yandex Uzbekistan янги Market маркетплейсини ишга туширди
Жамият | 19:00
-
Саида Мирзиёева Россия Федерация Кенгаши раиси билан учрашди
Ўзбекистон | 18:50
Мавзуга оид

10:47
Президент яна бир бор Украина, Яқин Шарқ ва Афғонистон масаласига эътибор қаратди

08:40
Зеленский: Ҳужумлар кўпайганини ҳисобга олсак, Россияга босим етарли эмас

17:59 / 06.04.2025
Киев ракеталар ҳужумига учради

08:51 / 06.04.2025