Парламентнинг фундаментал вазифаси – кимдан қанча миқдорда солиқ ундириш ва йиғилган пулларни қаерга сарфлашни ҳал қилишдан иборат, дейди Ню Йорк университети профессори Беҳзод Ҳошимов. У Kun.uz мухбири билан суҳбатда эркин сайловлар орқали шаклланган парламентлар қандай ишлаши ҳақида сўзлаб берди.

Дунё сўнгги асрларда бемисл тараққиётга эришганининг сабабларидан бири – минг йиллар давомида амал қилиб келган анъанавий давлат бошқарувининг ўзгаришларга юз тутиши бўлди. Ҳукуматлар ва судлар қадим замонлардан бери бор, ҳокимиятнинг учинчи бўғини – парламентлар эса ҳозирги шаклда асосан 17-асрдан бошлаб шакллана бошлади.

Kun.uz мухбири қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг иқтисодий ривожланишдаги ўрни атрофидаги саволлар билан Ню Йорк университети профессори, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов билан суҳбатлашди.

Унинг сўзларига кўра, иқтисодий нуқтайи назардан парламентнинг асосий функцияларидан бири – жамият ресурсларини қаерга ва қандай тақсимлаш масалаларини ҳал қилишдир.

“Жамиятлар тарихан бир хулосага келишган: солиқлардан йиғилган бюджетни ҳаммамиз келишиб сарфлашимиз керак. Оддий қилиб айтганда, айтайлик, бир мамлакат бор. У мамлакатнинг ўзига яраша харажатлари бор. Масалан, хавфсизликни таъминлаш, боғлар ва ўрмонларни муҳофаза қилиш ва ҳакозо. Бу харажатларнинг қизиқ томони шундаки, уларни қилсак, барчамиз манфаатдормиз. Қилинмаса, барчамиз зарар кўрамиз. Лекин шу нарсани бир ташкилот таъминласа, у ташкилотнинг хизматидан мен ёки бошқа инсон истеъмол қилса ҳам, ўша нарса камайиб қолмайди. Буни тушунтиришга ҳаракат қиламан. “Ижтимоий товар” ёки “жамоат товарлари” деган иқтисодий термин бор. Ижтимоий товарларнинг асосий хусусияти шундайки, уларни кимдир истеъмол қилса, камайиб қолмаслиги керак. Масалан, тоза ҳаводан бир инсон фойда олса, иккинчи инсоннинг ҳавосини ифлослантириб қўймайди. Худди шундай, ҳаво мудофааси масаласида, агар сизнинг устингиздан қандайдир қирувчи самолётлар учмаса, бошқанинг устидан ҳам учишини камайтириб қўймайди. Аксинча, нон ёки озуқ-овқат каби товарларни бир киши истеъмол қилса, иккинчига камроқ қолиши мумкин назарий жиҳатдан. Аммо жамоат товарлари кўпинча бундай эмас.

Энди, шу нарсаларни – жамоат товарларини кимдир етказиб бериши керак. Жамиятда ҳаммага бундан манфаат бор, лекин ҳеч ким бунга пул сарфлагиси келмайди. Шунинг учун ҳам, жамиятлар “ўртага пул ташлайлик-да, ўртага ташлаган пулимизни бюджет, уни тақсимлаш билан шуғулланадиган ташкилотни парламент деб атайлик” деган.

Буни кичик даражада гаплашсак, масалан, бир подезд бор ва унда нечтадир хонадон жойлашган. У хонадонлар пул йиғиб, подездни тозалашга кимнидир ёллаши мумкин. Тоза бўлгандан кейин, барча хонадон аъзолари манфаат кўришади, ҳеч ким зарар кўрмайди. Лекин масалан, подездни тозалашга пул тўламаган инсон ҳам фойда олаверади. Сиз уни бундан чеклай олмайсиз. Шундай товар ва хизматлари жамоат неъматлари ёки товарлари деб атаймиз. Уларни молиялаштириш учун яратилган институт – бу парламент”, – дейди Ҳошимов.