Кеча, 23 феврал куни Германиядаги Бундестагга бўлган навбатдан ташқари сайловда Шолц партияси шармандали тарзда ютқазди. Прогноз қилинганидек, Фридрих Мерцнинг ХДИ/ХСИ блоки етакчилик қилди ва янги канцлер сифатида у ишга киришади. Бироқ сайловда энг омади чопган – ГуМ партияси бўлиб, уларни Илон Маск ва Вэнс қўллаб чиққанди. Ўта ўнгчилар Шолц партиясини ҳам ортда қолдирди.
Германияда кеча, 23 феврал куни Бундестагга навбатдан ташқари сайлов ўтказилди. Германия федерал сайлов комиссияси 24 феврал, душанбага ўтар кечаси эълон қилган дастлабки натижаларга кўра, Христиан демократлар ва христиан социалистлар иттифоқи блоки 28,6 фоиз овоз билан етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринда эса ўта ўнгчилар партияси Германия учун муқобил бўлиб, 20,8 фоиз овоз йиғди. Шолцнинг ҳукмрон Германия социал-демократик партияси эса шармандали натижага эришиб, 16,4 фоиз овоз билан учинчи ўринда қолиб кетди. «Яшиллар» ва сўл партиялар ҳам парламентга зўрға кира олган.
Шундай қилиб, кутилгани ва прогноз қилинганидек Фридрих Мерц партиясининг қўли баланд келди ва энди Олаф Шолц лавозимини тарк этади ҳамда канцлерлик курсисини Мерцга топширади. Аллақачон амалдаги канцлер партияси мағлубиятини тан олди ва Мерсни сайловдаги ғалабаси билан табриклади. Ҳукмрон партия тарихдаги энг шармандали натижа кўрсатгани ҳам қўшимча қилинган. Либерал эркин демократия иттифоқи ва сўл популист Вагенкнехт иттифоқи Бундестагга кира олмади. Сайлов комиссияси маълумотларига кўра, биринчиси бор-йўғи 4,3 фоиз, иккинчиси эса рақамда 4, 972 та овоз тўплай олган. Германияда парламентга кириш чегараси эса минимум 5 фоиз этиб белгиланган.
Доимгидек, Германияда бирор партия 50+1 фоиз овоз йиғолмайди ва коалиция тузишга тўғри келади. Бу гал коалиция тузиш масаласи ҳам ўта қийин вазифага айланганди. Чунки Мерц ва Шолц партияси келишолмай, Мерц давлатдаги ўта популист ва шовинистлар “Германия учун муқобил” партияси ёрдамини қабул қилиб, лойиҳаларни Бундестагда тасдиқлата бошлаганди.
Масалан, қаттиқ чегара ва иммиграцияни чекловчи таклифни қабул қилдириш учун Христиан демократлар иттифоқи сиёсий анъанани бузиб, ГуМнинг ёрдамини қабул қилганди. Бу эса парламентда шовқин кўтарилишига сабаб бўлиб, қонунчилар Мерцни юзсизликда айлаганди. Мерцнинг ўзи эса бу қадамидан қаттиқ афсусдалигини, лекин Шолц билан ҳам келишолмаётганини айтганди.
ХДИ/ХСИ ва ГСДП мандатлари «катта коалиция»ни шакллантириш учун етарли бўлиши кутилмоқда
Хўш, буёғига нима бўлади? Шолц канцлерликдан кетади, Мерц бу лавозимни эгаллайди. Энг катта масала эса коалицияни тузиш. Охирги натижалар ҳали эълон қилинганича йўқ, лекин ҳозирги кўрсаткичлар бироз ўзгаради холос. Энг кўп овоз олган партия рақибларидан бири ёки бир нечтасини танлаб, ҳукумат тузиши керак. ХДИ ва Шолц партияси оладиган мандатлар “катта коалиция” учун етарли бўлиши кутилмоқда. Лекин бу ҳукуматда Шолц ишлашни истамайди, у коалиция бўйича музокараларда қатнашмаслиги ва янги ҳукумат таркибида ҳам бўлмаслигини эълон қилди. “Мен канцлерликка номзодимни қўйгандим”, дейди у. Бу унинг истеъфога чиқишидан далолат бермоқда.







