Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШда 27 ёшли Уайттоп дунёдаги энг кекса лама деб тан олинди. У оғир касалликларга чалинган болаларга ғамхўрлик қилиш билан шуғулланади
Уайттоп жуда ювошлиги билан ажралиб туради, қолаверса, у селфи тушишни яхши кўради.
Гиннеснинг рекордлар китоби Шимолий Каролинадаги Уайттоп лақабли 27 ёшли ламани дунёдаги энг кекса лама сифатида тан олди. Жонивор ҳам ёввойи табиатда, ҳам тутқунликда яшовчи ламалар орасида ушбу унвонга сазовор бўлди.
2006 йилдан буён Уайттоп оғир сурункали касалликлардан азият чекадиган болаларга ёрдам кўрсатишга ихтисослашган Victory Junction нотижорат ташкилоти ҳудудида яшайди. Бу жой қўшимча тиббий ёрдамга муҳтож болалар учун махсус оромгоҳ сифатида фаолият юритади.
Уайттоп кунларини болалар билан ўйнаш ва лагерда сақланадиган бошқа ҳайвонларга “қараш” билан ўтказади.
“У меҳмонларимизга жуда яхши муносабатда бўлади. Лагеримизга болалар келиши билан, Уайттоп ётиб олиб, тушликкача ўрнидан турмайди — бу орқали жонивор болаларга унга яқинлашиб, силашларига имкон беради. Унинг учун бу худди ишдаги мажбуриятга ўхшайди, аслида ҳам бу унинг иши!” — дейди Victory Junction ходимларидан бири.
Уайттоп тўққиз от, икки қуён ва икки эшак билан бирга яшайди. Лама Гас-Гас лақабли тоғ бузоғини ўзининг энг яқин дўсти деб билади. Бузоқча ҳам Уайттопни бобосидек кўради.
Муассаса ходимлари ламанинг феъл-атвори жуда ювош эканини таъкидлашмоқда. Уайттоп ҳеч қачон тупурмайди — бу ламалар орасида камдан-кам учрайдиган ҳолат. Бироқ Уайттоп оч қолганда ёки бошқа ҳайвонларнинг ортиқча эътиборидан чарчаганида, уларга қарата тупуришга уриниши мумкин. Аммо у шунчалик қари эканидан барча уринишлари зое кетади.
Уайттоп Victory Junction ходимлари ёки меҳмонлари билан биргаликда селфи тушишни жуда ёқтиради. Лама учун рекорд ўрнатилгани муносабати билан оромгоҳда кичик байрам уюштириш ва жониворни махсус ноз-неъматлар билан сийлаш режалаштирилмоқда.
Мавзуга оид
00:49
Трамп Эрон билан келишув 14 июн куни имзоланишини маълум қилди
11:20 / 13.06.2026
Jeep бир миллиондан ортиқ автомобилни қайтариб олмоқда
10:15 / 13.06.2026
АҚШ Европа ҳудудидан авиаташувчи ва сувости кемасини олиб чиқади
09:45 / 13.06.2026