Жорий йил 21 феврал куни йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонунларга ўзгартириш киритилди. Хусусан, жарима баллари тизими жорий қилинди, дрифт, маст ҳолда автомобилни бошқариш, одам ташиш қоидаларини бузиш, газ ёқилғисидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, полковник Эрали Бозоров қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар ва уларнинг мақсади ҳақида Kun.uzʼга маълумот берди.

Қонуннинг мақсади ҳақида

Мазкур қонунни қабул қилишдан мақсад йўл ҳаракати ҳодисалари оқибатида фуқароларимиз ҳаёти ва соғлиғини асраб қолишдек энг долзарб муаммоларга барҳам беришдир. Умуман олганда, ҳар бир ҳайдовчи ёки йўл ҳаракати иштирокчиси кўчага чиққанида уйига саломат қайтишини ўйлаб ҳаракат қилади.

Шу билан бирга ҳар бир ҳайдовчи йўналишга чиқаётганда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиши лозим. Бунинг натижасида эса аҳолимизнинг бевақт ўлими, йўл-транспорт ҳодисаларига учраб жароҳатланишининг олди олинади.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида янги қонун билан Жиноят кодексига, Жиноят процессуал кодексига, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгаришлар

Жумладан, МЖтКга 6 та янги модда киритилди ва 29 та моддага тегишли ўзгартиришлар киритилди. Кодексга киритилган янги моддаларнинг айримларига тўхталиб ўтсам. Мисол учун, кодекс 125-3-модда билан тўлдирилиб, газ ёқилғисида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди. Нима учун айнан бу модда киритилди дейилиши мумкин. Бугунги кунда республикамизда мавжуд транспорт воситаларининг 80 фоизи газ ёқилғисидан, яъни суюлтирилган газ ёки сиқилган табиий газдан фойдаланади. Буларда газ тўлдириш шохобчаларида техник регламент белгиланган, лекин айрим ҳайдовчилар ва шу газ тўлдириш шохобчаларида фаолият кўрсатаётган хизматчиларимиз техник регламентга риоя қилмаслиги оқибатида нохуш ҳолатлар келиб чиқмоқда. Лекин бундай ҳолатлар аниқланганда уларга нисбатан жазо берувчи санкция йўқлиги, яъни жавобгарлик белгиланмагани маълум бўлди. Шуни инобатга олган ҳолда, мана шу техник регламент талабларига жавоб бермаганлик учун жавобгарликнинг тақдим этилиши муҳим эди. Мисол қилиб оладиган бўлсак, газ тўлдириш шохобчаларига кирган транспорт воситаларига белгиланган меъёрдан ортиқ газ тўлдириш ёки белгиланган муддатларда синовдан ўтмаган газбаллонга тўлдириш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Шундай ҳолатларнинг олдини олиш ва ушбу ҳолатларга жазони белгилаш мақсадида мана шу модда киритилди.