«Электрон тўлов тизимлари хизматларидан фойдаланишни кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Унга кўра, 2025 йил 1 июлдан бошлаб аҳолига хизмат кўрсатувчи бюджет ташкилотлари, газ ва нефт маҳсулотини сотувчи ва мулкни ижарага берувчи юридик шахслар мажбурий тартибда электрон тўлов тизимларига уланиши ҳамда тўловларни улар орқали амалга ошириш имкониятини яратиши керак.

Бунда юридик шахслар томонидан тўловларни электрон тўлов тизимлари орқали қабул қилишни рад этиш ҳисоб-китоб терминаллари орқали тўловларни қабул қилишни рад этишга тенглаштирилади ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш учун асос бўлади.

Солиқ қўмитаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2 ой муддатда қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2025 йил 1 июлга қадар 2025-2030 йилларда электрон тўловлар улушини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, ҳукуматга киритиши лозим.