Ўзбекистон | 12:43 / 08.03.2025
2369
2 дақиқада ўқилади

Айрим юридик шахслар мажбурий тартибда электрон тўлов тизимларига уланади

Ўзбекистонда 1 июлдан аҳолига хизмат кўрсатувчи бюджет ташкилотлари, шунингдек, газ, нефт маҳсулотларини сотувчи ва мол-мулкини ижарага берувчи компаниялар электрон тўлов тизимларига уланиши шарт.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Электрон тўлов тизимлари хизматларидан фойдаланишни кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ, 2025 йил 1 июлдан бошлаб аҳоли учун хизмат кўрсатувчи бюджет ташкилотлари, газ ва нефт маҳсулотларини реализация қилувчи ҳамда мулкни ижарага берувчи юридик шахслар мажбурий тартибда электрон тўлов тизимларига уланади ва тўловларни улар орқали амалга ошириш имкониятини яратади.

Электрон тўлов тизимлари орқали тўловларни қабул қилишдан бош тортиш солиқ қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги ҳукуматнинг иқтисодий блоки ва Марказий банк билан ҳамкорликда 2025–2030 йилларда электрон тўловлар улушини ошириш бўйича Комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади ва эълон қилади.

Мақсад – ўтган йилнинг 20 ноябр куни Ўзбекистон президенти томонидан Қонунчилик палатаси йиғилишида эълон қилинган стратегик вазифа – онлайн тўловлар улушини 60 фоизга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилашдан иборат.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши мамлакат тўлов инфратузилмасини модернизация қилиш, молиявий операцияларнинг шаффофлигини ошириш ва аҳоли ҳамда бизнес учун қулай шарт-шароит яратиш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид