6 март куни Сурия ғарбидаги Латақия ва Тартус вилоятларида қуролли тўқнашувлар бошланди. Бунда алавийлар иштирок этмоқда — бу ўзига хос этно-конфессионал гуруҳ ҳисобланади. Улар ўзларини шиа мазҳабининг махсус тармоғи тарафдорлари деб ҳисоблайди, ҳокимиятдаги суннийлар эса уларни ҳатто бидъатчи ҳам эмас, балки ғайридин деб билади.
Алавийлар Сурия аҳолисининг тахминан 10 фоизини ташкил этади, Латақия ва Тартусда эса улар кўпчиликни ташкил қилади. Бу стратегик жиҳатдан жуда муҳим вилоятлардир: мамлакатнинг фақат шу қисми Ўрта Ер денгизига туташган. Россия ҳарбий базалари ҳам шу ҳудудда жойлашган.
Сурия собиқ президенти Башар Асад ва унинг оиласи ҳам алавийларга мансуб. Улар доимо ўз режими дунёвий эканини таъкидлаган, аммо асосий лавозимларга, айниқса куч тузилмаларида, алавийларни тайинлашни афзал кўришган. Режим ўзгарганидан сўнг, алавийлар жамоаси Асадлар сулоласига содиқ қолишда ва собиқ тузумни тиклашга интилишда гумон қилинмоқда.
Шу билан бирга, алавийлар охирги пайтларга қадар друзлар, курдлар ва Суриядаги бошқа конфессионал ва этник жамоаларнинг лашкарлари каби уюшган ҳарбий кучларига эга эмасди. Асадлар даврида бу вазифани амалда расмий қуролли кучлар – Сурия араб армияси бажарган. 2024 йил декабр ойида Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилгач, бу армиянинг аксарияти тарқалиб кетди.
Асадлар режими қулаганидан кейин Сурияда ҳокимиятни қўлга олган суннийларнинг «Ҳайъат таҳрир аш-Шом» (ҲТШ) ҳаракати алавийларнинг бирлашишига ва янги ҳарбий кучга айланишига йўл қўймасликка ҳаракат қилиб келмоқда. Бу уринишлар алавийлар истиқомат қилувчи қишлоқларни «тозалаш» ва ҳатто уларни ўққа тутишни ҳам ўз ичига олади.
6 март куни янги ҳукуматнинг бундай сиёсатига қарши норозиликларнинг навбатдаги тўлқини тартибсизликларга, кейин эса жангларга айланиб кетди.
Дамашқдаги ҳукумат вакиллари таъкидлашича, алавийларнинг турли шаҳарлардаги намойишлари олдиндан режалаштирилган. Исёнчилар маъмурий биноларни эгаллай бошлаган. Дамашқ, Ҳама ва Ҳалабдан Латақия ва Тартусга ёрдам кучлари юборилганида, кўплаб колонналар пистирмага дуч келган.
Шу куни интернетда «Сурияни озод қилиш ҳарбий кенгаши» тузилгани ва ҲТШ режимига қарши исён кўтарилгани ҳақидаги ҳужжат пайдо бўлди. Ҳужжатни Асад Сурия араб армиясининг 4-зирҳли дивизияси таркибидаги бригадага қўмондонлик қилган генерал Ғиёс ад-Давла имзолаган. Ушбу дивизия қўмондони эса Башарнинг укаси ва каптагон гиёҳвандлик моддасини ишлаб чиқарувчи давлат наркокартелининг бошлиғи Моҳир Асад эди.















