Шаҳзода Уилям Эстонияга, Буюк Британия армиясининг хорижий миссиясига ташриф буюрди. У Болтиқбўйи давлатини Россиядан келаётган эҳтимолий таҳдидлардан ҳимоя қилишга қаратилган тадбирларида иштирок этган британиялик қўшинлар билан учрашди, деб хабар берди BBC.
Нашр шаҳзоданинг ҳарбий кийимда, Challenger 2 танкида, шунингдек, зирҳли жанговар транспорт воситасида олинган суратларини эълон қилди. Бу суратлар Россия чегараси яқинида олинган.

«Агар қироллик хонадони аъзоларининг ташрифларига рамзий сигнал сифатида қаралса, Уэлс шаҳзодасининг Эстонияга қилган сафари ва Россия чегараси яқинида ҳарбий либосда танк миниб суратга тушиши энг тўғридан тўғри сигналлардан бири бўлди дейиш мумкин», деб ёзади BBC’нинг қироллик оиласи бўйича мухбири Шон Каглэн.
Эстонияга икки кунлик ташрифи доирасида шаҳзода Уилям минтақада жойлашган Британиянинг 900 нафар ҳарбийдан иборат контингенти, жумладан, ўзи фахрий бош полковник бўлган Мерсиан полки аскарлари билан учрашди.
Унинг шарафига ҳарбий машғулотлар ўтилаётган Тапа лагерида ҳарбий полигон бўйлаб экскурсия уюштирилди. Эстониянинг ушбу шаҳридаги база – НАТОнинг Болтиқбўйи минтақасида «коллектив хавфсизлик ва мудофаа»ни таъминлашга қўшган ҳиссаси ҳисобланадиган «Кабрит» амалиётининг бир қисмидир.
Енгида НАТО белгиси бўлган шаҳзодага ушбу жанговар гуруҳнинг дала машғулотлари намойиш этилган. Бундан ташқари, у эстониялик ва француз ҳарбий хизматчилари билан ҳам гаплашган.
У аскарлардан «Россия чегараси яқинида» хизмат қилиш қандай бўлиши ҳақида сўраган ва бу тажриба олдинги машғулотлар билан қанчалик фарқ қилишига қизиққан.

Россияни тийиб туриш амалда шундай кўринишда – ва бу база кучлар мувозанати қанчалик ўзгариши мумкинлигини кўрсатади. Эстония 1991 йилда мустақилликка эришгунга қадар бу ерда совет ҳаво мудофааси базаси жойлашган бўлиб, у ерда МиГ қирувчи самолётлари Ғарб билан тўқнашишга шай турарди.

















