Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил бир неча ойлик танаффусдан кейин яна Ливан бўйлаб зарбалар йўллади
Исроил ноябр ойида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув кучга кирганидан кейин биринчи марта Ливанга кучли ҳаво ҳужумлари сериясини амалга оширди. Бунга ушбу мамлакат ҳудудидан Исроилга бир нечта ракета учирилгани сабаб қилиб келтирилган.
Исроил қўмондонлиги Ливан жанубидаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг ўнлаб учириш мосламалари ва қўмондонлик марказига зарба берилганини маълум қилган.
Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги зарбалар оқибатида икки киши, жумладан, бир бола ҳалок бўлгани ва яна саккиз киши жароҳатланганини маълум қилди.
Ливан армияси мамлакат жанубида «учта примитив учириш мосламаси» ишдан чиқарилганини маълум қилган. Ливан мудофаа вазири суриштирув ишлари бошлангани ҳақида хабар берган.
Исроил армияси мамлакат шимолидаги Метула шаҳрида учта ракета тўхтатиб қолинганини маълум қилди. Жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.
Ливандаги энг йирик қуролли гуруҳлардан бири «Ҳизбуллоҳ» Исроилни ракеталар билан ўққа тутганини рад этмоқда. Ташкилот вакилларининг сўзларига кўра, гуруҳ 14 ой давом этган тўқнашувлардан сўнг Ливанга нисбатан тинчлик олиб келган сулҳга содиқ қолмоқда.
Исроилнинг зарбалари АҚШ ва Франция воситачилигида томонлар сулҳ тузишга эришганидан кейинги энг жиддий кескинлашув бўлмоқда.
Келишув шартларига кўра, Ливан армияси қуролли гуруҳларнинг Исроилга ҳужумларининг олдини олиш учун мамлакат жанубига қўшимча кучларни жойлаштириши керак.
«Ҳизбуллоҳ» ўз жангариларини қуроллари билан бирга шимолга олиб кетишга, Исроил эса Ливан ҳудудида уруш бошланганидан бери эгаллаб турган позицияларидан қўшинларини олиб чиқишга ваъда берганди.
Ливан бўйлаб зарбалар Исроил Ҳамас билан сулҳни бекор қилиб, Ғазо секторидаги амалиётни тиклаганидан бир неча кун ўтиб йўлланди.
Мавзуга оид
11:00
Париж исроиллик вазирга қарши санкциялар жорий қилди
09:13 / 09.06.2026
«Биби, эҳтиёт бўл, акс ҳолда мутлақо ёлғиз қоласан» – Трампнинг чақириқлардан кейин Исроил ва Эрон тўхтади
11:00 / 08.06.2026
Исроилда хавфсизлик вазияти кескинлашиши мумкин — элчихона
09:30 / 08.06.2026