Президент матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг «Кўксарой» қароргоҳида ўтказилган ифторлик маросимидаги нутқи матнини келтирди.

Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим.

Ассалому алайкум, муҳтарам ватандошлар, нуроний отахон ва онахонлар!

Қадрли меҳмонлар!

Cиз, азизларни, бутун халқимизни, узоқ-яқиндаги жамики мусулмон умматини давом этаётган муборак Рамазон ойи билан яна бир бор самимий табриклайман. Барчангизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик ва фаровонлик ёр бўлишини тилайман.

Ушбу шарофатли ойда гўзал диёримизда мана шундай файзли ифторлик маросимини эл-юртимиз билан биргаликда ўтказиш насиб этгани учун меҳрибон ва қудратли Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги даврамизда иштирок этаётган ҳурматли меҳмонларимизга – хорижий давлатларнинг элчилари, халқаро ташкилотлар вакилларига, диний конфессиялар раҳбарларига Ватанимиз ва халқимизга кўрсатаётган юксак эҳтиром ва эътиборлари учун чин дилдан миннатдорлик билдираман.

Азиз дўстлар!

Cизларга маълумки, сўнгги йилларда миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, уларни замон талаблари асосида ривожлантириш бўйича кўп ишларни амалга оширмоқдамиз.

Бу борада “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя бизнинг фаолият дастуримизга айланмоқда. Шу асосда миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир ватандошимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ижтимоий ҳаётимизда етакчи ўринга чиқмоқда.

Фуқароларимизнинг виждон эркинлиги соҳасидаги конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ таъминланаётгани бу йил Рамазон ойида янада яққол намоён бўлмоқда.

Муқаддас динимиз буюрган хайрли амаллар – аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, меҳр-саховат, сабру қаноат, ахлоқ-одоб, илму маърифат фазилатлари жамиятимизда тобора мустаҳкам бўлиб бормоқда. Хусусан, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур ўрганиш, буюк тарихимиз ва маданиятимиз дурдоналарини, улуғ алломаларимизнинг бой меросини тўплаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Ана шу эзгу мақсад йўлида Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистонда илк бор амалга оширилаётган улкан илмий-маънавий лойиҳа сифатида мамлакатимиз ва халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда.