Сўнгги ойларда Рамзан Қодиров ва Владимир Путин ўртасидаги муносабатлар бузилган. Бу ҳақда «Важние истории» нашрига ФХХнинг (ФСБ) Шимолий Кавказ бўйича ихтисослашган собиқ ходими маълум қилган ва унинг сўзларини ҳозирда ишлаб турган ҳамкасби ҳам тасдиқлаган. Шунингдек, маълумотлар қисман Шимолий Кавказда фаолият юритувчи журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоллари томонидан тасдиқланган.

Манбаларга кўра, Қодиров билан Путин ўртасидаги келишмовчиликнинг асосий сабаби — ФХХ Қодиров Кремл билан келишилмаган ҳолда ўз активлари ва оила аъзоларининг келажакдаги хавфсизлиги борасида Яқин Шарқдаги мусулмон монархиялар вакиллари билан музокаралар олиб бораётгани ҳақида маълумот берган.

Қодиров анчадан бери оғир хасталикка чалинган. «Новая газета Европа» нашри журналистлари суриштирувига кўра, у буйрак ва ошқозон ости бези билан боғлиқ жиддий муаммоларга дучор бўлган.

Унинг нутқидаги қийинчиликлар хасталик кучайиб бораётганидан далолат беради. Қодиров ўз саломатлигидаги ёмонлашувни медиа фаоллиги билан ниқоблашга уринаётган бўлса-да, охирги ойларда у кўпинча узоқ вақт давомида жамоатчилик кўзидан йўқолиб қолмоқда. Январ ва феврал ойларида Чеченистон раҳбари камералар қаршисида кўриниш бермаган, кейинроқ буни таътил билан изоҳлаганди. «Менга турли хасталикларни ёпиштиришди», — деган у бу ҳақида. Шундан кейин Қодиров ҳеч қандай катта баёнотлар бермаган ва фақат олдиндан тайёрланган «консерва» видеолари тарқалган.

Чеченистон раҳбари ўз ҳудудидаги ҳокимият таркибини жуда яхши тушунади ва агар у мабодо саҳнадан тушса, оила аъзоларини нима кутаётганини ҳам билади. Федерал марказнинг ваъдалари ва хавфсизлик кафолатлари қанча туришидан ҳам яхши хабардор.

Қодировнинг кўп сонли қариндошлари тақдири борасидаги ишончсизлик уни Яқин Шарқдаги мусулмон мамлакатлардан улар учун кафолат излашга мажбур қилган. Ушбу мамлакатлар раҳбарлари билан Қодировда азалдан шахсий муносабатлар мавжуд. «Важние истории» манбаларига кўра, Қодиров бундай музокараларни Кремлдан яширишга уринган, аммо бу ҳақда ФХХ дарҳол хабар топиб, Путинга етказган.

Яқинда, масалан, Қодиров ўзининг тўнғич фарзанди — 26 ёшли қизи Айшатни давлат лавозимларидан олиб ташлади. 2020 йилдан бошлаб Айшат (у Қодировнинг барча фарзандлари орасида унга энг яқини) — Чеченистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари, кейинчалик вазир, 2023 йилда эса бош вазир ўринбосари бўлган. Қодировнинг Кремл билан муносабатлари ёмонлашиши билан бир вақтда Айшат лавозимдан кетган ва «Вёрстка» нашри ёзишича, Чеченистондаги энг йирик экспортёр — «Чечен минерал сувлари» компанияси эгасига айланган. Илгари бу компания Қодировлар оиласига тегишли бўлган — аввал Ахмат Қодиров фонди орқали, кейинчалик эса икки номинал мулкдор орқали.