Мурманскдаги форум чоғида Путин Арктикада АҚШ билан ҳамкорлик қилишга чақирди ва Вашингтоннинг Гренландияга бўлган даъволарини моҳиятан қўллаб-қувватлади.
«АҚШнинг Гренландияни қўшиб олиш режалари ҳақида ҳамма яхши билади. Биласизми, бу бир қарашда кимнидир ҳайрон қолдириши мумкин. Буни Американинг янги маъмуриятининг қандайдир дабдабали баёноти деб қабул қилиш катта хато. Асло ундай эмас», – дейди Путин.
Путиннинг қўшимча қилишича, «бу режалар узоқ тарихий илдизларга эга ва АҚШ Арктикада геосиёсий, ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий манфаатларни тизимли равишда илгари суришда давом этиши аниқ». «Аслида АҚШда бу каби режа XIX асрнинг 60-йилларида пайдо бўлган. Америка маъмурияти ўшандаёқ Гренландия ва Исландияни аннексия қилиш имкониятини кўриб чиққан. Аммо бу ғоя конгрессда қўллаб-қувватлов олмаган. Гренландияга келсак, бу аниқ икки давлатга тегишли бўлган ва бизга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган масала», – деди у.
Путин Арктикадаги халқаро ҳамкорлик «яхши даврини бошдан кечирмаётгани»ни таъкидлаган. Бироқ, унинг сўзларига кўра, Россия минтақада тенг ҳуқуқли ҳамкорлик тарафдори.
«Биз нафақат Арктика давлатлари билан, балки биз каби сайёранинг барқарор келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр бўлган, узоқ муддатли ва мувозанатли қарорлар қабул қила оладиган барча мамлакатлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», – дейди Путин.
Бу сўзлар Доналд Трамп Оқ уйга келганидан кейин Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг илиқлашуви фонида янгради.
Гренландия Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо Данияга тегишли, шунинг учун Американинг бу ҳудудга даъволари Европада катта хавотир уйғотмоқда.

Шу билан бирга, Путин айтганидек, НАТО давлатлари Узоқ Шимолни эҳтимолий можаролар ҳудуди сифатида кўраётгани ва бу шароитда қўшинларни қўллашни машқ қилаётгани Москвани хавотирга солмоқда.
Хусусан, буни НАТОнинг «янги аскарлари» Финландия ва Швеция амалга оширмоқда, деди Россия президенти.
Путиннинг сўзларига кўра, бунга жавобан Россия минтақада ўз ҳарбий салоҳиятини ошириш ниятида. «Биз мамлакатимиз суверенитетига тажовузларга йўл қўймаймиз ва ўз миллий манфаатларимизни ишончли ҳимоя қиламиз», – деди Россия раҳбари.
Америкаликларнинг провокацион ташрифи
Бу вақтда, жума куни АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ва унинг рафиқаси Уша Гренландиядаги Америка ҳарбий базасига ташриф буюришади.


















