Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 март куни Хўжанд шаҳрида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан уч томонлама учрашувда иштирок этди.
Учрашув аввалида давлат раҳбарлари бир-бирларини муборак Рамазон ҳайити ҳамда баҳор уйғониши ва янгиланиш айёми - Наврўз билан қутладилар, биродар халқларимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.
Президентимиз Тожикистон ва Қирғизистон томонларини барча масалалар узил-кесил ҳал этилгани ҳамда Давлат чегарасини делимитация қилиш тўғрисидаги шартнома имзолангани билан самимий табриклади.
Ушбу ҳужжат, шунингдек, уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисида имзоланаётган шартнома барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга, бутун минтақанинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилиши таъкидланди. Тантанали равишда очилган Дўстлик стеласи эса қардош мамлакатлар ўртасида мустаҳкамланиб бораётган яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик муносабатларининг янги рамзига айланиши қайд этилди.
Ўзбекистон президенти амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Энг аввало, бу олий даражадаги фаол ва ишончли алоқаларни давом эттиришдир.
Шу ҳафта Самарқандда «Марказий Осиё - Европа Иттифоқи» биринчи саммити ва минтақадаги умумий экологик таҳдидларга бағишланган Иқлим форуми бўлиб ўтади.
Май ойида Кўрфаз араб давлатлари билан саммит, сентябр ойида эса Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви ўтказилади.
Шу муносабат билан, бўлажак тадбирлар кун тартибини пухта тайёрлаш ва умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун ташқи ишлар вазирликлари орқали мунтазам маслаҳатлашувларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Чегарадош ҳудудларнинг ҳамкорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Тожикистон билан товар айирбошлаш ҳажми ўн каррадан зиёдга ошгани қайд этилди. Бу ҳажмнинг деярли ярми чегараолди ҳудудларга тўғри келади.
Шу боис чегаралардаги божхона пунктларини комплекс модернизация қилиш ва кенгайтириш, қулай, замонавий савдо ва логистика инфратузилмасини шакллантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Уч томонлама савдо майдончасини ташкил этиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг доимий фаолият кўрсатадиган кўргазма-ярмаркасини йўлга қўйиш масаласини ўрганиш таклиф этилди.
Яна бир йўналиш - саноат кооперацияси лойиҳалари.



















