У Қуддусдаги идорасида ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими терговчиларига кўрсатма берган. Улар билан учрашишга улгуриш учун у душанба куни эрталаб Тел-Авивдаги округ судини муддатидан олдин тарк этишга мажбур бўлди, у ерда ўзига коррупция айблови қўйилган бошқа жиноий иш доирасида кўрсатма берганди.

Бироқ, бу жараён энди Қатаргейт – Қатар манфаатларини лобби қилишда бош вазир маслаҳатчиларининг тахминий иштироки бўйича тергов билан солиштирганда енгил машғулотга ўхшайди.

Нетаняҳунинг ўзи бу босқичда терговда гумонланувчи эмас, балки гувоҳ сифатида иштирок этмоқда. Аммо душанба куни полиция унинг икки асосий ёрдамчиси – Жонатан Урих ва Эли Фелдштейнни ҳибсга олди.

Исроилдаги манбаларга кўра, Нетаняҳунинг кўрсатмалари синчковлик билан ўрганилади, шундан сўнг Бош прокуратура бош вазирнинг бу ишдаги мақомини ўзгартириш учун асослар бор-йўқлигини ҳал қилади.

Қатаргейтга нима туртки бўлди?

Тергов ҳукуматнинг Исроил мудофаа армияси ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича идораси собиқ матбуот котиби Эли Фелдштейн Доҳада рўйхатдан ўтган, Қатар манфаатларини илгари сурувчи халқаро фирма ҳамда Исроил ҳукумати ўртасида кўприк вазифасини ўтаганига шубҳа пайдо бўлганидан кейин бошланган.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, у орқали, хусусан, Исроил матбуотида Қатарнинг Исроилдаги имижини яхшилайдиган материаллар тарғиб қилинган. Бундан ташқари, у Қатар бизнес лойиҳаларини Исроил бизнеси учун фойдали кўринишда тақдим этишга ёрдам бергани гумон қилинмоқда.

Тергов версиясига кўра, тез орада схемага бош вазирнинг яна бир юқори мартабали маслаҳатчиси Жонатан Урих жалб қилинган ва уларнинг иккиси ҳам ўз хизматлари учун Доҳадаги фирма вакили бўлган америкалик Жей Футликдан пул олган.

Аввалроқ, март ойида полиция Фелдштейн ва Урихни «чет эл агенти» билан алоқалар, фирибгарлик, пул ювиш ва пора олишда гумонлаб сўроқ қилганди. Ушбу иш билан боғлиқ нозик маълумотларни ошкор қилиш суд томонидан тақиқлангани сабабли, бошқа тафсилотлар номаълум.

Фелдштейнга Исроил мудофаа армиясининг махфий ҳужжатлари сизиб чиқиши билан боғлиқ ҳолда Исроил миллий хавфсизлигига зарар етказиш бўйича айблов қўйилиши таҳдид солмоқда.

Ишга Урих ва Фелдштейн билан бирга Нетаняҳунинг «Ликуд» партияси сайловолди кампаниясининг собиқ бош маслаҳатчиси Исраэл Айнҳорн ҳам жалб этилган.